Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида Қонун

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

«ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДА»ГИ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚОНУНИГА ЎЗГАРТИШЛАР ВА ҚЎШИМЧАЛАР КИРИТИШ ҲАҚИДА

(Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 й., 1-сон, 7-модда)

 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарор қилади:

 Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 6 майда қабул қилинган «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунига(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 йил, № 5, 140-модда) ўзгартишлар ва қўшимчалар киритилиб, унинг янги таҳрири тасдиқлансин (илова қилинмоқда).

 

Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ

 

 Тошкент ш.,

 2002 йил 13 декабрь,

 446-II-сон

 

 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДА

(янги таҳрири)

 

I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР

 

1-модда.Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, муассасаларига (бундан буён матнда давлат органлари деб юритилади) мурожаатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

2-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда.Фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари давлат органларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Фуқароларнинг мурожаат зтиш ҳуқуқидан фойдаланишлари бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига путур етказмаслиги керак.

Хорижий давлатларнинг фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси давлат органларига ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

 Фуқаролар томонидан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига мурожаат этиш соҳасидаги муносабатлар ушбу Қонунда белгиланган тарзда тартибга солинади.

 Фуқароларнинг мурожаатлари, агар қонунларда уларни кўриб чиқишнинг бошқача тартиби белгиланган бўлса, ушбу Қонунга мувофиқ кўриб чиқилмайди.

4-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари шакллари

 Фуқароларнинг мурожаатлари оғзаки ёки ёзма шаклда киритилади. Фуқароларнинг оғзаки ва ёзма мурожаатлари бир хил аҳамиятга эга.

 Фуқароларнинг мурожаатлари якка тартибда ёки жамоа томонидан берилиши мумкин.

 5-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари турлари

 Фуқароларнинг мурожаатлари ариза, таклиф ёки шикоят кўринишида бўлиши мумкин.

 Ариза фуқароларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимоси баён этилган мурожаатидир.

 Таклиф фуқароларнинг давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларини ўз ичига олган мурожаатидир.

 Шикоят фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклаш тўғрисидаги талаби баён этилган мурожаатидир.

6-модда.Фуқароларнинг мурожаатларига қўйиладигаи талаблар

 Мурожаатларда фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган ариза, таклиф ёки шикоятнинг моҳияти баён этилган бўлиши керак.

 Ёзма мурожаатларда мурожаат этувчининг имзоси бўлиши лозим. Мурожаатга шахсий имзо қўйиш имкони бўлмаган тақдирда, бу мурожаатлар уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳам ёзиб қўйилади.

 Фуқаронинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилмаган ёки у ҳақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар аноним деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

7-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари ва оммавий ахборот воситалари

 Фуқароларнинг давлат органларига газеталар, журналлар, телевидение, радио ва бошқа оммавий ахборот воситалари таҳририятлари орқали келиб тушган мурожаатлари ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилади.

 Фуқароларнинг оммавий ахборот воситаларига йўллаган мурожаатларидан оммавий ахборот воситалари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ жамоат фикрини ўрганиш ва акс эттириш учун фойдаланилиши мумкин.

8-модда.Фуқароларни қабул қилиш

 Давлат органларида фуқароларни қабул қилиш ташкил этилади. Фуқароларни қабул қилиш раҳбар ёки бошқа мансабдор шахс томонидан амалга оширилади. Бунинг учун давлат органларида алоҳида бўлинмалар тузилиши мумкин, фуқароларни қабул қилиш учун масъул мансабдор шахслар белгилаб қўйилади.

 Қабул белгиланган кун ва соатларда, фуқаролар учун қулай вақтда ўтказилади. Қабул жадвали фуқаролар эътиборига етказилади.

 Фуқаро оғзаки мурожаат этаётганда ўз шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатиши керак.

 Фуқарони қабул қилиш, агар унинг бир неча бор қилган мурожаати асоссиз, қонунга хилоф хусусиятда бўлса ёки унинг мурожаати бўйича қарор қабул қилиб бўлинган бўлса, рад этилиши мумкин.

 Давлат органларида фуқароларни қабул қилиш тартиби мазкур органлар раҳбарлари томонидан белгиланади.

9-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича иш юритиш

 Давлат органларида фуқароларнинг мурожаатлари бўйича иш юритиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.

 

 II. ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТ ЭТИШ ҲУҚУҚЛАРИ КАФОЛАТЛАРИ

 

10-модда.Фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланаётганда ихтиёрийлик

 Фуқароларнинг мурожаат этиш ҳуқуқи ихтиёрийлик асосида амалга оширилади. Ҳеч ким бирон бир мурожаатни ҳимоя этишга ёки унга қарши қаратилган ҳаракатларда иштирок этишга мажбур қилиниши мумкин эмас.

11-модда.Фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланаётганда камситишга йўл қўйилмаслиги

 Фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланаётганда уларни жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситиш тақиқланади.

12-модда.Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқишнинг мажбурийлиги

 Фуқароларнинг мурожаатлари албатта қабул қилиниши ва кўриб чиқилиши керак, ушбу Қонун 6-моддасининг учинчи қисмиданазарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

 Фуқаро унинг мурожаатини қабул қилиш ва кўриб чиқиш асоссиз равишда рад этилганлиги устидан бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёки бевосита судга шикоят беришга ҳақли.

13-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмаслиги

 Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда фуқароларнииг шахсий ҳаётига доир маълумотлар уларнинг розилигисиз, шунингдек давлат сири ёҳуд қонун билан қўриқланадиган бошқа сир ҳисобланган маълумотлар ва, агар фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини камситадиган бўлса, бошқа ахборотлар давлат органлари ходимлари томонидан ошкор этилишига йўл қўйилмайди.

 Мурожаатга тааллуқли бўлмаган, фуқаронинг шахсига доир маълумотларни суриштириб билишга йўл қўйилмайди.

 Фуқаронинг илтимосига биноан унинг шахсига доир бирон бир маълумот ошкор этилмаслиги керак.

14-модда.Фуқароларнинг мурожаат этиши муносабати билан уларнинг хавфсизлиги кафолатлари

 Фуқароларни ҳамда уларнинг оила аъзоларини ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш ёки ҳимоя қилиш мақсадида давлат органларига мурожаат этганликлари учун таъқиб қилиш ман этилади.

 

   III. ФУҚАРОЛАРНИНГ АРИЗАЛАР, ТАКЛИФЛАР ВА ШИКОЯТЛАР БЕРИШ ТАРТИБИ ҲАМДА УЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

 

 15-модда.Аризалар, таклифлар ва шикоятларни бериш тартиби

 Фуқароларнинг ариза, таклиф ва шикоятлари уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколат доирасига кирадиган давлат органига бевосита ёки бўйсунув тартибида юқори турувчи органга берилади.

 Фуқаро ариза, таклиф ва шикоятни шахсан беришга, шунингдек бу борадаги ваколатни ўз вакилига беришга ёки мурожаатини алоқа воситалари орқали юборишга ҳақли. Вояга етмаганлар ҳамда муомалага лаёқатсиз шахслар манфаатларини кўзлаб ариза, таклиф ва шикоят уларнинг вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.

 Ариза, таклиф ва шикоятга улар юзасидан илгари қабул қилинган, фуқародаги мавжуд қарорлар (ёки уларнинг нусхалари), шунингдек ариза, таклиф ва шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин.

16-модда.Аризалар, таклифлар ва шикоятларни бериш муддатлари

 Фуқароларнинг ариза, таклиф ва шикоятлар бериши учун муддат белгиланмайди. Айрим ҳолларда муайян давлат органининг ариза, таклиф ва шикоятни кўриб чиқиш имкониятига, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ўз вақтида рўёбга чиқариш, уларнинг қонуний манфаатлари ҳимоя этилишини таъминлаш заруратига боғлиқ бўлса, шунингдек қонунларда назарда тутилган бошқа асосларга кўра, бундай давлат органларига ариза, таклиф ва шикоятларни бериш муддати белгиланиши мумкин.

 Бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ариза ёки шикоят фуқарога унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини бузувчи ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) содир этилганлиги ёки қарорлар қабул қилинганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан узоғи билан бир йил ичида берилиши мумкин. Узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддат ариза ёки шикоятни кўриб чиқувчи давлат органи томонидан тикланади.

17-модда.Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш

 Фуқароларнинг давлат органига келиб тушган мурожаатлари ана шу органнинг ўзи ёки зиммасига мурожаатларни кўриб чиқиш вазифаси юклатилган мансабдор шахс томонидан кўриб чиқилади.

 Фуқароларнинг мурожаатлари, агар улар қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколат доирасига кирмайдиган давлат органига юборилган бўлса, узоғи билан беш кунлик муддат ичида тегишли органларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқарога хабар қилинади. Мурожаатларни кўриб чиқиши учун бошқа давлат органларига асоссиз равишда бериш ёки қарори ёҳуд ҳаракати устидан шикоят қилинаётган давлат органлари ёки мансабдор шахсларнинг ўзига жўнатиш ман этилади. Агар фуқароларнинг мурожаатларида уларни тегишли органларга жўнатиш учун зарур маълумотлар бўлмаса, бу мурожаатлар худди шу муддат мобайнида асослантирилган тушунтириш билан фуқаронинг ўзига қайтарилади.

 Фуқароларнинг мурожаатларини ҳар тарафлама муфассал ва холисона кўриб чиқиш учун қўшимча ахборотлар, маълумотномалар ва материалларга зарурат пайдо бўлса, мазкур мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органининг мансабдор шахси қўшимча ахборот тўплаши мумкин.

 Фуқароларнинг мурожаатини кўриб чиқаётган давлат органи зарур ҳолларда мурожаат жойнинг ўзида кўриб чиқилишини таъминлаши керак.

 Алоҳида ҳолларда, мурожаат этган шахснинг ўзи ёки бошқа шахс йўқлигида мурожаатни кўриб чиқишнинг имкони бўлмаса, улар давлат органининг мансабдор шахси томонидан чақирилиши мумкин.

 Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича қабул қилинган қарорларни давлат органининг раҳбари ёки бошқа ваколатли мансабдор шахси имзолайди.

 Агар ариза, таклиф ёки шикоятда баён қилинган масалалар ҳал этилаётганда хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини текшириш зарурати юзага келса, бу иш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

 

 18-модда.Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатлари

 Фуқароларнинг таклифлари тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кунлик муддат ичида маълум қилинади.

 Ариза ёки шикоятлар масалани моҳиятан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган ариза ёки шикоятлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

 Ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш муддати тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади.

 

IV. МУРОЖААТЛАРНИ КЎРИБ ЧИҚИШДА ФУҚАРОЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ДАВЛАТ ОРГАНЛАРИНИНГ МАЖБУРИЯТЛАРИ

 

 19-модда.Мурожаатларни кўриб чиқишда фуқароларнинг шахсан иштирок этиш ҳуқуқи

 Мурожаат давлат органлари томонидан кўриб чиқилаётганда фуқаро мурожаатнинг кўриб чиқилиши жараёни ҳақида ахборот олиш, важларини шахсан баён этиш ва изоҳлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ҳамда кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар такдим этиш ёки уларни бошқа органлардан сўраб олиш тўғрисида илтимос қилиш, адвокат ёки ўз вакили хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга.

 Мурожаатни кўриб чиқаётган давлат органларининг мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлашлари шарт.

 

20-модда.Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қабул қилинадиган чора-тадбирлар

 Давлат органлари фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишда қонунга хилоф ҳаракатларнинг (ҳаракатсизликнинг) дарҳол олдини олишга доир чора-тадбирлар кўришлари, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилишига олиб келаётган сабаблар ва шароитларни аниқлашлари, мурожаат қилганликлари муносабати билан фуқаролар таъқиб қилинишининг белгиланган тартибда олдини олишлари шарт.

 

21-модда.Фуқаронинг мурожаатини кўриб чиққан давлат органининг мажбуриятлари

 Фуқаронинг мурожаатини кўриб чиққан давлат органи унга мурожаатни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ва қабул қилинган қарорнинг моҳияти ҳақида ёзма шаклда хабар қилиши шарт.

 Ариза ёки шикоят юзасидан қарор қабул қилган давлат органининг мансабдор шахси, агар фуқаро қарорга рози бўлмаса, унга қабул қилинган қарор устидан шикоят бериш тартибини тушунтириши шарт.

 Фуқаронинг мурожаатини кўриб чиққан давлат органи, унинг мансабдор шахси мурожаатни кўриб чиқиш натижалари юзасидан қабул қилинган қарор ижросини назорат қилиши, агар фуқарога унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилиши натижасида зарар ёки маънавий зиён етказилган бўлса, қонунда белгиланган тартибда зарарнинг ўрнини қоплаш ёки маънавий зиённи компенсация қилишга доир чора-тадбирлар кўриши ҳам шарт.

 

22-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари билан олиб бориладиган иш таҳлили

 Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқаётган давлат органлари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишини юзага келтирувчи сабабларни ўз вақтида аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида аризалар, таклифлар ва шикоятларни белгиланган тартибда умумлаштирадилар ҳамда таҳлил этиб борадилар.

 

V. ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ БУЗГАНЛИК УЧУН ЖАВОБГАРЛИК

 

 23-модда.Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан назорат

 Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидага қонун ҳужжатлари ижроси устидан назоратни давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ўз ваколатлари доирасида таъминлайдилар.

 24-модда.Мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлиги

 Фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишни ва кўриб чиқишни асоссиз равишда рад этиш, уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш, қонунга зид қарор қабул қилиш, фуқаронинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини ҳамда шикоят муносабати билан қабул қилинган қарор бажарилишини таъминламаганлик, фуқарога унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини беришни асоссиз равишда рад этиш ёки фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни уларнинг розилигисиз ошкор этиш, фуқарони мурожаат қилганлиги учун таъқиб қилиш, шунингдек фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.

 25-модда.Фуқаронинг ариза ёки шикоятини кўриб чиқишда қонун талабларининг бузилиши оқибатида фуқарога етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш

 Фуқаронинг аризаси ёки шикояти қаноатлантирилган тақдирда ана шу мурожаат бўйича қонунга хилоф қарор қабул қилган давлат органи ариза ёки шикоят бериш ва уни кўриб чиқиш муносабати билан фуқарога етказилган зарарнинг ўрнини, тегишли давлат органининг талаби билан ариза ёки шикоятни кўриб чиқиш учун жойларга бориш муносабати билан сарф қилинган ҳаражатларни қоплайди ҳамда ана шу вақт ичида йўқотилган иш ҳақини тўлайди. Фуқарога етказилган маънавий зиён ҳам суд тартибида компенсация қилиниши мумкин.

 Фуқаронинг аризаси ёки шикоятини кўриб чиқишда қонун талаблари бузилганлиги муносабати билан унга етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш мақсадида давлат органи томонидан тўланган маблағлар айбдор мансабдор шахсдан регресс тартибида ундириб олиниши мумкин.

 26-модда.Фуқаронинг ғайриқонуний хусусиятдаги ариза, таклиф ёки шикоят берганлик учун жавобгарлиги

 Фуқаронинг туҳмат ва ҳақоратдан иборат ариза, таклиф ёки шикоят берганлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

 27-модда.Фуқароларнинг била туриб сохта маълумотлар баён этилган мурожаатларини текширишга сарф қилинган харажатларни қоплаш

 Била туриб сохта маълумотлар баён этилган мурожаатларни текшириш муносабати билан давлат органи томонидан сарф қилинган харажатлар фуқародан суднинг қарорига биноан ундириб олиниши мумкин.

 28-модда.Низоларни ҳал этиш

 Фуқароларнинг мурожаатлари муносабати билан зарарнинг ўрнини қоплаш ва маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги низолар суд тартибида кўриб чиқилади.


Date: 2013-05-07


A PHP Error was encountered

Severity: Notice

Message: Trying to get property of non-object

Filename: site/banner.php

Line Number: 14

A PHP Error was encountered

Severity: Notice

Message: Trying to get property of non-object

Filename: site/banner.php

Line Number: 15