“Ўргимчак тўри”га ўралашма, ўқувчи !

Глобаллашув даврида ахборот маконининг такомиллашиши, интернетнинг оммалашиши, виртуал ўйинларнинг тобора ривожланиши инсониятга имкониятлар яратиш баробарида кутилмаган хавф-хатарларни ҳам келтириб чиқармоқда. Виртуал оламдаги маънавий таҳдидлар, ўлим хавфи юқори бўлган ўйинларнинг кўпайиши вояга етмаганлар онгига салбий таъсир кўрсатиб, уларни фожиага ундамоқда.
Гап қандай компьютер ўйинлари ҳақида бораётганини зийрак ўқувчи сезди. Ҳа, бу — сўнгги пайтларда интернет тармоғида пайдо бўлган "Кўк кит” ўйини. Ҳали оқ-қоранинг фарқини яхши англамайдиган ўсмирларни ажал комига етаклайдиган бу ўйин айрим мамлакатларда нохуш ҳолатларни келтириб чиқараётгани ҳам ҳақиқат. Юртимизда ушбу хавфли ўйиннинг аянчли оқибати ҳақида ёш авлодни хабардор қилиш мақсадида кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари, профилактика тадбирлари ўтказилаяпти. Педагоглар маънавият соатлари ва очиқ дарсларда ўқувчиларга хавфли ўйинлар таъсирига тушиб қолмаслик, бундай ўйинлар манфур кимсаларнинг ғаразли мақсади, ғоявий-мафкуравий таҳдиди экани ҳақида кенг тушунча бераяпти. 
Жумладан, Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги 56-умумтаълим мактабининг миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари фани ўқитувчиси Ҳабибулло Зикировнинг 7-синф ўқувчилари учун ташкил этган навбатдаги очиқ дарси умуминсоний ва миллий қадриятларга мутлақо зид ва ўлим хавфи юқори бўлган компьютер ўйинларининг салбий оқибатларига бағишланди. Муаллим дарсни давра суҳбати тарзида, ўзаро савол-жавоблар асосида ўтказди. Дастлаб ўқувчиларнинг нималарга қизиқиши, қандай ижтимоий тармоқларга аъзо экани, қанақа компьютер ўйинларини билиши ва ўйнагани ҳақида суриштирди. Ўқувчиларни қизиқтирган саволларга содда ва тушунарли қилиб, ҳаётий воқеа-ҳодисалар мисолида, оммавий ахборот воситаларида берилаётган дастур ва материаллардан фойдаланган ҳолда жавоб берди. 
— Ўқувчиларда савол кўп. Ўсмирларни қизиқтираётган ҳар бир саволга пухта ўйлаб жавоб бериш керак, — дейди Ҳабибулло Зикиров. — Бераётган маълумотимиз салбий тар¬ғиботга айланиб қолмаслиги лозим. Чунки психологиядан маълумки, ўсмирларга бирор нарсани тақиқлаган сари уларнинг шунга қизиқиши ортиб бораверади. Баъзан футболга қизиқадиган болалар "Устоз, компьютерда футбол ўйнасак, зарари йўқми?” деб сўрашади. Уларга компьютерда ўйнагандан кўра, стадионга чиқиб, ҳақиқий футбол ўйнагин. Ҳам ҳордиқ чиқарасан, ҳам соғ¬лом бўласан”, дея жавоб бераман. Интернетга қизиқувчи ўқувчиларга эса ziyouz.uz, kitob.uz каби болани билим олишга, мутолаага чорловчи сайтлардан фойдаланишни тавсия қиламан.
Муаллим ўқувчиларга ижтимоий тармоқ ва компьютер ўйинлари ташкилотчиларининг асл мақсад-муддаоси қандай эканлиги ҳақида ҳам кенг тушунча берди. Сўнгги пайтларда ўсмирлар онгига ёт ғояларни сингдириб, турли нохушликларга сабаб бўлаётган интернет ўйинларининг зарари, аянчли оқибатлари борасида ҳаётий мисоллар келтирди. 
— Интернет бутун дунёни эгаллаб олди. Сониялар ичида дунёнинг нариги четидаги киши билан бемалол суҳбатлашиш, онлайн равишда кўришиш мумкин, — дейди педагог. — Бироқ турли виртуал танишлар ҳақида холис маълумотга эга бўлиш мутлақо имконсиз. Уларнинг кимлигини, нияти қандайлигини билмасдан туриб, кибер дўстларга кўнглини очаётган – шахсий ҳаёти, ўй-кечинмалари, туйғуларини ишониб айтаётган ёшлар охир-оқибат турли нохушликларга дуч келмоқда. Ижтимоий тармоқлар, айниқса, ўсмирларга маънавий ва психологик жиҳатдан салбий таъсир этади. Чунки ўсмирлар ахборот хуружларига осон оғади. Ижтимоий тармоқларга қарамлик натижасида ёшларда ва ҳатто катталарда ҳам жамиятдан узоқлашиш, виртуалликка мойиллик вужудга келади. 
 Бутун дунёни ташвишга солаётган "Кўк кит”, "Тинч уй” каби хавфли ўйинларнинг иллатларидан ўқувчилар хабардор бўлиши лозим. Ижтимоий тармоқ сегментларида турли номлар остида ўз гу¬руҳ¬ларини ташкил этаётган бундай ўйинлар, энг аввало, ўсмирларни тузоққа туширади. ўйин ташкилотчилари "Муаммолардан қутулишни истайсанми?”, "Сени тушкунликдан халос этаман”, "Ёлғиз қолиб, ором олгинг келаяптими?” каби гаплар билан ўсмирларни йўлдан уриб, ўйинга жалб этади. Болалар бундай ҳолатларда тез алданади. Ширин гапларга учиб, ўйинга аъзо бўлиб қолади. "Ўлим гуруҳлари” бошқарувчиларига эса бу жуда қўл келади. Шу боис, бундай ўйинларга асло қизиқиш керакмас! Интернет ўйинларга муккасидан кетган, "ўргимчак тўри”га ўралашган ўқувчилар бўлса, дарҳол ота-онаси, устози ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бериш лозим.
Мамлакатимизда устоз ва мураббийлар томонидан бундай очиқ дарс ва машғулотларнинг, тарғибот-ташвиқот тадбирларининг ўтказилаётганини эшитиб, фарзандларимиз тақдири ишончли қўлларда эканидан мамнун бўламиз. Фарзандларимизни виртуал олам хавфларидан асраш учун уларнинг таълим-тарбиясига жиддий этибор қаратишимиз, смартфон, планшет ва компьютерда қандай ишлар билан машғул эканини мунтазам кузатишимиз, ижтимоий тармоқларда ким билан мулоқот қилаётганидан хабардор бўлишимиз керак. Агар болаларни назорат қилишга вақтимиз кам бўлса, уларни имкон қадар фойдали машғулотлар билан банд қилиш керакки, интернет ўйинларини ўйнашга эҳтиёжи қолмасин.

Ўз.Рес. Халқ таълими вазирлиги
Ахборот хизмати

 

 

manba:uzedu.uz

Sana: 11-aprel 2017 yil /// O'qildi: 265
Orqaga qaytish



Umrning butun ma’nosi mavhumlikni to‘xtovsiz zabt etish, tobora va hamisha ko‘proq bilishga intilishdir.

E. ZOLYA