Электрон таълим ресурслари

"Боғбоннинг уч ўғли бўлган экан. У дангаса болалари эртага қандай қилиб рўзғор  тебратишини ўйлаб, ғамга ботаркан. Бу дунёни тарк этар чоғи донишмандона бир васият қилибди: "ўғилларим, боғдаги узумлар тагига олтин яширилган. Мен дунёни тарк этгач, уни кавлаб олинглар. Бу бойлик сизларнинг умр бўйи роҳат-фароғатда яшашингиз учун етади".

Уч фарзанд отасини дафн этиб келгач, бойлик умидида боғдаги узумларнинг тагини кавлай-кавлай, ҳеч қандай олтин топа олишмабди. Умидсизликка берилган ўғиллар "Отамиз бизни алдабди", деган фикрга келишибди. Аммо баҳорда узум шундай мева солибдики, ҳосилни териб сотган ака-укалар бойликка кўмилиб қолишибди. Шунда учовлон отаси айтган олтинлар ер тагида эмас, меҳнатда эканини тушуниб етибди".

"Меҳнатнинг таги роҳат" мавзусидаги электрон ресурс­да ўқитувчи тилидан баён этилган бу матн болалар диққатини жалб этди. Зангиота туманидаги 43-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси Муаттар Ҳасанова "Ақлли боғбон" эртаги қаҳрамонлари ролини ижро этаётгандек сўзлайди. Кейин эса экранда олма, апельсин, қулупнай, лавлаги, лимон, банан, бодринг, олчанинг расми ҳамда мева-сабзавот номлари ёзилган сатр пайдо бўлади. ўқувчи уларнинг инглизча номи қайд этилган ёзувни тўғри белгиласа, "Баракалла" деган олқиш­ эшитилади. Масалан, олхўри расмига plum, олма расмига apple, бодринг расмига cucumber...

Навбатдаги лавҳада савол-жавобли видеоролик болажонлар ихтиёрига ҳавола этилади. Яъни, "Боғ ичига нима яширилган экан?", "Олтин қаерда экан?" каби мавзуга доир саволлар янграйди. Шунда мультимедиали тасвир вақтинча тўхтатилиб, навбат ўқувчиларга берилади. Кейин уларнинг фикрлари аудиоёзувдаги сўзлар билан таққосланади. Хулоса қилиб, олтин ерда эмас, меҳнатда ҳамда барча ёмонликнинг боши дангасалик иллати экани таъкидланади.

— Бундай электрон ре­сурс­лар орқали ўқувчилар маълумотни хотирасида 75—85 фоиз сақлаш имконига эга бўлади, — дейди Мультимедиа умумтаълим  дастурларини ривожлантириш маркази бўлим бошлиғи, АКТ бўйича бош мутахассиси Қудрат Мирзаев. — Асосийси, электрон материаллар дизайни, мазмуни ва актуаллиги билан аҳамият касб этиши лозим. Шу кунгача марказ қошидаги лаборатория мактабида видеодарс, аудиодарс, аудио ва видеороликлардан иборат 587 та электрон ахборот-таълим ресурси яратилди. Жумладан, ўтган йили барча ўқув фанларига доир 120 та ресурс замонавий методик материаллар асосида ишланди. Жорий йилда эса 45 номдаги мультимедиа иловасини яратиш кўзда тутилган ҳамда улар дарсликни юз фоизгача қамраб олиши сабабли марказ студиясида иш ҳажми ортди. Ҳозирча 6 та видеодарс тасвирга олиниб,  монтаж ишлари бажарилди. Ҳар ўқув йили аввалида мавзулар юзасидан электрон ресурслар яратиш учун аниқ режа белгилаб оламиз. Методик материаллар марказдаги махсус студияда тасвирга олиниб, овоз ёзиш ва монтаж ишлари давомида сараланади. Айниқса, чет тилидаги электрон материаллар мазмунига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.

Масалан, 1-синф инглиз тили дарслигидаги ҳар бир дарс бўйича қўшиқ, ўйин-машқ­лар тайёрланган. "Ўйинчоқлар ва ранглар" ("Toys and colours") мавзусидаги "Мендаги нарса " ("I have a thing") ўйини ҳам қизиқарли. Унда икки ўқувчи рангли ўйинчоқларни кўрсатиб, номини инглизча айтади. Ўйинда ортда қолган ўқувчига яна бир имконият берилади. Бу метод кичик ёшдаги болаларнинг ранг ва буюмларни тез, осон ўрганишига ёрдам беради.

Барча маълумотлар edu­portal.uz ахборот таълим портали орқали янгиланади, ўқитувчиларга етказилади, имтиёзли равишда фойдаланиш тавсия этилади. Яқинда ушбу порталдан фойдаланиш учун қўшимча қулайликлар киритилди. Жумладан, IQ Board IR интерактив электрон доскани ўрнатиш ва ишга тайёрлаш (ўзбек тилида), IQBoard IR интерактив электрон досканинг функционал тугмаларини созлаш (ўзбек тилида), IQBoard IR интерактив электрон досканинг бармоқларни таний олиш функциясини ишга тушириш (ўзбек тилида), Zeus DVB-T Z-08 TВ тюнерини компьютерга улаш, дастурий таъминотини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш (ўзбек ва рус тилларида), IQ Board IR русумли интерактив электрон досканинг махсус дастурий таъминоти "IQ Interactive Education Platform V5.2" ускуналаридан фойдаланиш бўйича электрон қўлланма(ўзбек ва рус тилларида)лар эркин фойдаланиш учун порталга жойлаштирилди.

Портал кенг кўламда фойдаланиш учун яратилган бўлиб, махсус билим талаб қилмайди, кўпгина "Windows" типидаги дастурлардагидек менюлардан иборат. Виртуал ўқув ресурсларининг портал таркибида юқорида аниқланган кўринишдаги жойлашуви ўқувчиларнинг барча ўқув фанларини ўзлаштиришда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради.

Хўш, яратилган бундай имкониятдан ўқитувчилар қандай фойдаланмоқда? Ушбу саволга жавоб излаб бир қатор умумтаълим мактаблари фаолияти билан танишдик.

— Мактабимизнинг кимё ва биология хонаси 57 турдаги замонавий жиҳозлар билан таъминлангани боис, дарсда лаборатория анжомлари ёрдамида амалий методларни қўллаймиз,  — дейди Мирзо Улуғбек туманидаги 69-мактабнинг биология фани ўқитувчиси Моҳиба Пўлатова.-Ҳар бир машғулотни АКТ орқали интерфаол педагогик усуллардан фойдаланиб ўтишга одатланганман. Қизиқувчан ўқувчилар билан биргаликда видеолавҳалар тайёрлаб, "Микроскопнинг тузилиши. Ҳужайраларни ўрганиш усуллари" номли электрон қўлланма яратганмиз. Шу­нинг­дек, 6-синф ботаника фанидан "Икки уруғ паллали ва бир уруғ паллали оилалар" мавзуси бўйича электрон схема тайёрладик. Одам ва унинг саломатлиги фанидан эса "Сўлак ферментининг крахмалга таъсирчанлиги" мавзусида техника хавфсизлигига риоя қилиб, 8-синф ўқувчилари иштирокида электрон дарс устида ишладик.

Бугун деярли ҳар бир муассаса, ҳар бир хонадонда электрон мобиль илова мавжуд ёки интернет тармоғига уланган. Фойдаланувчилар мунтазам янги ахборот, куй-қўшиқ, видео ва ауди­олав­ҳалардан бохабар бўлишмоқда. Ўз навбатида, ота-оналар ҳам фар­занд­лари учун керакли маълумотларни олиш, хусусан, уйга вазифа бажараётганда электрон ресурслардан фойдаланиш имкониятини яратмоқда.

Олайлик, электрон манзилда 4-синф тасвирий санъат фанидан "Тўғри тўртбурчак шаклида нақш ишлаш"ни чуқур тушунтириш учун видеодарс жамланмаси берилган. Унда уста Ширин Муродов ижоди, ганчкорлик бўйича бажарган ишлари намуна сифатида келтирилади. Кейин бос­қичма-босқич нақш чизиш методикаси, яъни пахта, гул ва нақш композициясини яратиш усули ўргатилади. Пойтахтимизнинг Олмазор туманидаги 16-умумтаълим мактаби ўқитувчиси Зулайҳо Ҳошимованинг дарсини кузатганимизда, у аввал композиция маркази ҳамда унинг тўрт томонини бўяш технологиясини мукаммал кўрсатиб, асосан симметрияга эътибор қаратиш кераклигини тасвирлаб берди.

Ижтимоий тармоқдаги фойдали ресурслар билан танишиб, уларни машғулотларда қўллаётган ўқитувчилар сони кундан-кунга ошмоқда. Бироқ кузатувларимиз давомида барча таълим муассасаларида ҳам замонавий АКТдан самарали фойдаланиб ўқув машҚу­лотларини мазмунан бойи­тишга эътибор берилмаётганига гувоҳ бўлдик. Баъзан бунга компьютердан ёки интернетдан фойдаланишни билмаслик, муассасанинг "Ziyonet" тармоғига уланмагани  ва жамоада бу борадаги рақобат муҳитининг яратилмаганлиги асосий сабаб бўлмоқда.

Масалан, Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказининг мониторинг натижаларига кўра, "Сўз туркумлари" мавзусидаги ресурсни 127 нафар, 9-синф физика фанидан яратилган "Атом ядроси" мавзусидаги қизиқарли лаборатория ишини 475 нафар, "Kids' English" электрон ресурсининг охирги вариантини 555 нафар, математика фанидан яратилган видеодарсни 512 нафар, рус тили элекрон ресурсини 279 нафар педагог кузатган, холос. Агар юртимиздаги жами мактаблар ва ўқитувчилар сони билан бу рақамни солиштирсак, неча фоиз ўқитувчи бу каби электрон манбалар билан қизиқаётганлигини англаш қийин эмас.

Мисол учун, Яшнобод тумани 155-мактабдаги ҳолат ҳам ташвишли. Бизни кутиб олган мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосаридан ўқитувчиларнинг неча фоизи АКТдан фойдалана олишини сўрадик. Жавобдан ҳайратимиз ошди — 10 фоиз. Беихтиёр пойтахт мактабидаги ўқитувчиларнинг компьютер саводхонлиги шу даражада бўлса, чекка ҳудудлардаги аҳвол қандай экан, деган савол туғилади.  

Жараёнга халақит бермаган ҳолда дарсларни кузатишга киришдик. Физика хонасида 6-синф ўқувчилари "Масалалар ечиш" мавзусини мустаҳкамлашаётган экан. ўқув йили давомида қайси мавзу қизиқарлироқ ўтилгани ҳамда кўпроқ эсда қолганини суриштирсак, ўқувчилар "Зичликни аниқлаш" мавзусида намойиш этилган виртуал лаборатория ишини таъкидлашди. Бироқ синфхонада парта, стул ва доскадан бўлак кадаскоп, экран каби техник мосламаларга кўзимиз тушмади. У ҳолда юқоридаги лаборатория иши қандай намойиш этилгани ҳақида сўраганимизда, физика фани ўқитувчиси Хадича Бобомуродова инглиз тили хонасидаги мультимедиа воситаларидан вақтинча фойдаланганини таъкидлади. Тарих, она тили ва адабиёт, инг­лиз тили фани ўқитувчиларининг машғулотлари ҳам анъанавий тарзда ўтилганини кузатдик. Информатика хонасида компьютер жиҳозлари бўлса-да, интернет тармоғига уланмаган. Бугунги дарс "Веб-сайтлар яратиш бўйича амалий машғулотлар" мавзусида экан. Табиий савол туғилади: интернетга уланмаган компьютерда қандай қилиб сайт яратишни ўргатиш мумкин? ўқитувчи машғулотда веб-сайтларнинг фони ва шрифтларини тушунтирди, холос. Шу билан амалиёт дарси қисқагина назарий тушунча билан якунланди. Энди ўзингиз айтингчи, шу маълумот ёрдамида ўқувчи веб-сайтларнинг тузилиши ҳақида тасаввурга эга бўла оладими? 

752 нафар ўғил-қиз таълим олаётган муассасада физика амалиётини тушунишга ёрдам берувчи лаборатория жиҳозлари, электрон ресурс­лардан фойдаланиш учун интернет тармоғи бўлмаса, ўқувчиларнинг билим савияси қай даражада?

— Мактабимиз икки йил аввал капитал таъмирдан чиқарилган, — дейди мактаб директори Зулфия Юнусова. — Эски жиҳозларни ташлаб юборгандик, бу йил янги лаборатория жиҳозлари учун буюртма бераяпмиз. Компьютерларни интернетга улаш бўйича ҳам туман телефон тармоғига мурожаат қилганмиз.

Ғузор туманидаги мактаблар ҳолати билан танишганимизда ҳам кўнгилни хира қиладиган манзарага гувоҳ бўлдик. Туман ХТМФМТТЭБ мутасаддиларининг маълумотига кўра, тумандаги барча мактаблар ўз электрон манзилига эга. 45 та мактаб, 5 та мактабгача таълим муассасасининг веб-сайти бор. 

1-мактабда 4 та видеопроектор, 2 та компьютер синфи мавжуд. Ҳар бири 15 тадан компьютер жамланмасига эга. Компьютер синфининг бири интернет тармоғига уланган. Инглиз тили фан кабинети ҳам АКТ воситалари билан жиҳозланган. Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Ҳамдам Жумақуловнинг таъкидлашича, барча фанлар ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда олиб борилади. Аммо битирувчи ўқувчилар билан суҳбатлашганимизда асл манзара бошқача экани ойдинлашиб қолди. Аслида ўқувчилар фанлар йўналишидаги маш­ғулотларнинг компьютер орқали, электрон ресурслар ёрдамида ўтилишини хоҳлашса-да, ўқув йили давомида аксарият дарслар анъанавий маъруза шаклида ўтилган. 7-синфда ҳам информатика ва инг­лиз тили фанларидан таш­қари барча фанлар шу тарзда эски усулда олиб борилади.

Тумандаги 34-умумтаълим мактабида ҳам компьютер синфи, АКТ воситалари бўла туриб, фанлар эскича қолипда ўқитилмоқда. 7-"Б" синфда инглиз тили фани чизмачилик кабинетида олиб борилмоқда. ўқувчиларнинг иштироки ҳам шунга яраша — 23 нафар ўқувчидан атиги 14 нафари дарсда қатнашмоқда. 7-"Д" синфда Дилфуза Исмоилова ўтиши керак бўлган зоология фанини кимё фани ўқитувчиси Матлуба Саидова ўтмоқда. Дарсларни электрон ресурслар ёрдамида, АКТ воситасида ўтиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади. Мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Розия Қайнарова ўқувчиларга она тили фанидан сабоқ бераркан. У ҳам йил давомида бирор марта машғулотларни АКТдан фойдаланган ҳолда олиб бормаган. Ачинарлиси, масъул ходимнинг компьютер саводхонлиги ўрта даражадан ҳам паст. Шундай бўлгач, қолганлардан нима кутиш мумкин?!

Юқоридаги ҳолатга изоҳ сўраб, Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси ДТС мониторинги бўлими мутахассиси Фахриддин Сафаровга юзландик. Мутахассис иш бошлаганига кўп бўлмаганини, шу боис маълумот бера олмаслигини билдирди. Натижада саволларимиз жавобсиз қолди...

Шоира БОЙМУРОДОВА,
Ў
ктам МЕЙЛИЕВ,
"Ma’rifat" мухбирлари

 

manba:uzedu.uz

Sana: 06-may 2017 yil /// O'qildi: 350
Orqaga qaytish



Narsalar qanday bo‘lmog‘i lozimligini bilish aqlli odamga xosdir;

Narsalarning haqiqatda qandayligini bilish tajribali odamga xos;

Narsalarni yanada takomillashtirishni bilish buyuk odamga xos.

D. DIDRO