Президент ўқитувчи ва мураббийларни табриклади

«Бугун ушбу қутлуғ айёмни мамлакатимизда кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз. Сизларнинг барчангизга ҳеч қачон узиб бўлмайдиган қарздорлик ҳисси билан таъзим қиламиз», — дейилади табрикда.

«Буюк Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, дунёнинг бор бойлик ва хазинаси билан ҳам сизларнинг олижаноб меҳнатингиз ҳақини адо этиб бўлмайди.», — дея таъкидлади Президент.

«Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017−2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши аввало илм-фан ва таълим-тарбия соҳасининг ривожи билан, бу борада бизнинг дунё миқёсида рақобатдош бўла олишимиз билан узвий боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди» — дея давом этди давлат раҳбари.

У ўтган бир йил давомида Ўзбекистон Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита таълим-тарбия соҳасига дахлдор бўлган 74 та фармони, қарор ва фармойиши қабул қилинганини эсга олди. Мамлакат 11 йиллик умумий таълим тизимига ўтди, академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини оптималлаштириш, 5 та янги олий таълим муассасаси ва филиаллар ташкил этиш, 16 та университет ва институтда 12 та йўналиш бўйича кечки ва сиртқи бўлимлар очиш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, нодавлат таълим хизмати кўрсатиш, педагог кадрлар ва халқ таълими ходимларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш ишлари амалга оширилмоқда.

Шавкат Мирзиёев: «Айни вақтда биз таълим-тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, муаллимлар, профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш, хориждаги етакчи таълим марказлари билан илмий-педагогик ҳамкорликни кучайтириш, ўқув-тарбия жараёнларига замонавий таълим ва ахборот технологияларини, янги ўқув методикаларини жорий этиш бўйича ҳали олдимизда кўплаб долзарб вазифалар турганини яхши англаймиз ва уларнинг ечими устида доимий иш олиб борамиз», — деди.

Мамлакат раҳбари терроризм ва экстремизм каби бутун инсониятга таҳдид солаётган хавфларга қарши кураш мавзусига ҳам тўхталиб ўтди: «Бугунги кунда шиддат билан ўзгариб бораётган ҳаёт олдимизга қўяётган бир-биридан мураккаб ва муҳим масалаларни ҳал қилиш ҳақида ўйлар эканмиз, уларнинг ечими айнан таълим-тарбия билан, ёшларнинг дунёқарашини замонавий билим, юксак маънавият ва маърифат асосида шакллантириш билан боғлиқ эканига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз».

 «Сиз, азизларнинг ана шу эзгу мақсадларга эришиш, инсон ҳар томонлама эркин ва фаровон яшайдиган янги Ўзбекистон давлатини барпо этиш, жонажон Ватанимизни янада тараққий эттиришга қаратилган оғир ва машаққатли, шу билан бирга, ғоят шарафли меҳнатингизни муносиб қадрлаш учун биз давлатимиз ва жамиятимизнинг бор куч ва имкониятларини сафарбар этишга тайёрмиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

manba: gazeta.uz

Sana: 30-sentyabr 2017 yil /// O'qildi: 117
Orqaga qaytish



Siz nimani tushunmasangiz, u sizga begona.

I. GYOTE