Ўзбекистонда янги вазирлик ташкил этилди. Унинг вазифаларига нималар киради?

Ўзбекистонда Устоз ва мураббийлар куни арафасида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилгани ҳақида хабар берилгани, таълим соҳасида олиб борилаётган яна битта катта ислоҳотнинг амалий қадамидан дарак беради. Шундай қилиб янги таълим вазирлигининг олдига бир қатор муҳим вазифалар қўйилмоқда, хусусан:

биринчидан, мактабгача таълим соҳасида мувофиқлаштирилган ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва уни амалга татбиқ этиш;

иккинчидан, халқаро тажрибани чуқур ўрганиб, мактабгача таълим ёшида бўлган болаларнинг жисмоний ва эстетик улғайиши, ҳар томонлама интеллектуал ахлоқий ривожланиши учун кенг шароитларни яратиш;

учинчидан, республика бўйлаб босқичма-босқич ташкил этиладиган, ўзаро рақобатда бўлган давлат ва нодавлат мактабгача таълим муассасаларига турли имтиёзларни тақдим этиш, солиқлардан қисман озод этиш, ташкил этилган муассасалар ҳисобига болаларни МТМларга жалб этиб боришни ташкиллаштириш;

тўртинчидан, амалиётда замонавий ўқув-педагогик технологиялардан фойдаланиш; муассасаларда тарбия ва ўқув жараёнларини инновацион методлар асосида олиб бориш;

бешинчидан, мактабгача таълим муассасаларини ўқув-методик, дидактик материаллар, ўқув аҳамиятига эга ўйинчоқ ва шу турдаги буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, бадиий адабиётликларни етказиб бериш;

олтинчидан, мактабгача таълим тизимида фаолият олиб бораётган педагог кадрлар ҳамда раҳбарларнинг малакасини ошириш, уларни касбга қайта тайёрлаш;

еттинчидан, тизимда фаолият олиб бораётган ходимларни моддий рағбатлантириш дастурини ишлаб чиқиш ҳамда вазирликка янги, малакали ходимларни ишга жалб этиш;

саккизинчидан, меъёр талабларига мос келувчи синфхоналарни ташкил этиш, тарбияланувчилар эҳтиёжи тўлиқ қондирувчи шароитларни яратиш, соғлом овқатланиш дастурини қайта кўриб чиқиш ҳамда уларга тиббий ёрдам кўрсатиш хизматини янги босқичга олиб чиқиш каби масалалар илгари сурилмоқда.

Қарорда айтилишича, мазкур вазирлик барча шартнома, муносабат ва соҳага доир масалалар бўйича Халқ таълими вазирлигининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. Аҳоли яшаш жойларида талаб ва таклиф муносабатларини ўрганиб чиқиб, келгусида бутун Ўзбекистон бўйлаб, мактабгача таълим ёшида бўлган болаларни таълим муассасаларига жалб этиш мақсадида, 60, 70, 100, 120 ва 150 ўринли давлат ҳамда нодавлат МТМ қурилиши режалаштирилган.

 

manba:kun.uz

Sana: 01-oktyabr 2017 yil /// O'qildi: 125
Orqaga qaytish



Bilim, faqat bilimgina insonni ozod va ulug‘vor qiladi.

D. I. PISAREV