Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати

Сўнгги йилларда Халқ таълими вазирлигига ўқитувчи-педагоглардан келиб тушаётган ариза ва шикоятларнинг аксарияти бухгалтерия соҳасида йўл қўйилаётган камчилик ва нуқсонлар билан боғлиқ. Хусусан, ходимларнинг ойлик иш ҳақларини ҳисоблашда, директор жамғармасидан устама ҳақ тайинлашда йўл қўйилаётган қонун бузилишлар педагогларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлаётган эди. Бу таълим муассасаларининг бухгалтерия тизимида ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар борлигини кўрсатади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 21 августдаги "Таълим ва тиббиёт муассасаларини молиялаштириш механизмини ҳамда давлат молиявий назорати тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги ПҚ-сон 3231-сон қарори бу каби муаммоларга барҳам бериш, ҳисоб-китоб хизматини такомиллаштириш сингари мақсадларга қаратилган.

Қарорда таълим ва тиббиёт муассасаларида бюджет маблағларидан фойдаланиш жараёнида шаффофликни таъминлаш ва назоратни кучайтириш, бюджетдан молиялаштириш, ҳисоб ва ҳисобот механизмини такомиллаштириш, вазирлик ва идораларнинг бўйсунувидаги муассасаларда бюджет интизомини янада мустаҳкамлаш, халқаро эътироф этилган молиявий назорат стандартларини жорий қилиш йўли билан қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадлари кўзда тутилган.

Мазкур қарорга биноан умумий ўрта таълим муассасаларида индивидуал тарзда фаолият юритиб келаётган бухгалтерия хизмати фаолияти тугатилиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасаларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари ташкил этилади. Марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати қуйи муассасаларнинг харажатлар сметаси тузилиши ва ижро этилиши, иш ҳақини ҳисоблаш ва тўлаш, товар, иш ва хизматларнинг харид қилиниши, бюджет ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобининг юритилишини таъминлаш, фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар)дан тушадиган даромадлар мониторингини юритиш каби вазифаларни бажаради.

Ўз навбатида, Халқ таълими вазирлиги ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бошқармаларида Ички аудит ва молиявий назорат хизматлари ташкил этилмоқда. Мазкур тизим туман (шаҳар)даги марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати фаолиятини назорат қилиб, бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилинишининг олдини олиш, тасарруфидаги муассасаларда харажатлар сметасини режалаштириш, бюджет ҳисобининг юритилиши, тендер (танлов) савдоларининг ўтказилиши ва шартномалар тузилиши устидан мониторинг қилиш ҳамда профилактика ишлари билан шуғулланади. Шунингдек, асоссиз дебитор ва кредитор қарздорликларга йўл қўймаслик, қонунбузарликларга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этишда бевосита иштирок этади.

Мазкур қарор ижросини таъминлаш мақсадида шу йил 31 октябрида Халқ таълими вазирининг Молия вазири билан келишилган "Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 346-сон буйруғи қабул қилинди. Низомда марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматининг вазифа ва мажбуриятлари белгилаб берилди.

Бугунги кунга ыадар таълим муассасаларидаги индивидуал бухгалтерия самарали фаолият юритиши учун мактаб директори ҳам етарли даражада ҳисоб-китоб илмига эга бўлиши талаб қилинар эди. Табиийки, мактаб директорлари бу борада етарли билимга эга бўлмагач, турли қонун бузилишлари юзага келарди. Кимдир директор фонди маблағларини нотўғри тақсимлайди, яна кимдир ўз таниш-билишларига устамалар беришга интилади. Ўтган йиллар давомида бизга фуқаролардан келиб тушган кўплаб мурожаатларда айни шу мавзу кўтарилган. Мазкур қарор асосида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларида марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизмати ташкил этилаётгани шундай салбий ҳолатларни бартараф этиш ва коррупцияга барҳам беришда муайян тизим яратади.

Педагог-ходимларга ойлик маоши ва турли устамалар берилишида шаффофликни таъминлашга эришилади. Ҳар бир ўқитувчининг неча соат дарс ўтиши, унга тўланаётган иш ҳақи миқдори, директор фондидан тайинланаётган устамалар кимларга берилаётгани, умуман, бюджетдан ажратилаётган маблағнинг нимага сарфланаётгани ҳақидаги маълумотлар мактабдаги "Эълонлар тахтаси”га жойлаштирилиб, жамоага очиқ-ойдин кўрсатиб борилади.

Яна бир жиҳати, маошнинг педагог-ходимларга етказилишидаги янгиликдир. Мактаб директори педагог-ходимларнинг маошини бериш тўғрисидаги маълумотномани тасдиқлагач, "ЎзАСБО” электрон дастури орқали уни марказлашган молия-бухгалтерияга жўнатади. Марказлашган молия-бухгалтерия хизмати ҳисобчилари қабул қилиб олган хужжатларни ҳисоб-китобини қилиб белгиланган муддатларда тумандаги барча ўқитувчининг банк пластик карточкасига ўз вақтида ўтказиб беради.

Натижада, ўқитувчилар ўртасида "Ойлик маошимни ҳалигача ололмадим, кечикаяпти” ёки "Ҳисобчимиз нимагадир ойлик маошимдан ушлаб қолибди”, деган эътирозлар келиб чиқмайди.

Шунингдек, худуддаги таълим муассасалари сонига қараб, туман халқ таълими бўлимларидаги марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматининг вақтинчалик штатлар жадвали тасдиқланди. Бунда ҳар бир ходим ўзига бириктирилган вазифани бажаради. Масалан, бир ҳисобчи моашлар бўйича ишласа, яна бири шартномалар, хизмат (иш) кўрсатиш йўналишида ҳисоб-китобни амалга оширади.

"Айримлар ҳисоб-китобларнинг янгича тизимини жорий этилиши мактаб директорининг фаолиятини мураккаблаштиради” ёки "бирон жойга пул ўтказмоқчи бўлса ҳам туманга боришга тўғри келар эканда” - деган мулоҳазалар туғилиши табиий. Аксинча, янги тизимда бу жиҳатлар анча соддалаштирилган. "Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимларининг марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари тўғрисидаги низом”да бухгалтерия хизмати ва таълим муассасаси раҳбари ўртасидаги муносабат тартибга солинган.

Таъкидланганидек, хизмат кўрсатиладиган муассаса раҳбарлари бухгалтерия ҳисоби ва назорати учун зарур ҳужжатлар, жумладан, ходимларни лавозимга тайинлаш, мукофот, моддий ёрдам ва устамалар тайинлаш каби молиявий масалалар баён этилган ҳужжатларни электрон дастурдан унумли фойдаланган ҳолда марказлаштирилган бухгалтерияга белгиланган тартиб ва муддатда тақдим этади. Таълим муассасасига хизмат кўрсатиш бўйича марказлаштирилган бухгалтерияга қатор мажбуриятлар юклатилган бўлиб, улар ушбу вазифаларни ўз вақтида бажаради.

Жорий йилнинг 1 ноябридан бошлаб, Тошкент шаҳрининг Юнусобод, Тошкент вилоятининг Бўка, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманлари ҳамда Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида мазкур хизмат фаолияти синов тариқасида ташкил этилди. Бунинг учун барча шарт-шароитлар яратилиб, зарур ахборот-коммуникация технологиялари билан таъминланди. Ҳозир синов жараёни давом этмоқда.

Мақсадимиз босқичма-босқич таълимдан молия-хўжалик фаолиятини ажратишдир, шунда таълим муассасаси раҳбари ҳозирда кунлик бирламчи иши бўлиб қолган молия-хўжалик фаолиятидан келажакда мутлақо ҳоли бўлади деган умиддамиз.

 
Нодир Муротов,
Халқ таълими вазирлиги Молиялаштириш,
бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботи бошқармаси бошлиғи,

Илҳом Жўраев,
"Ma’rifat” мухбири
 
manba: uzedu.uz

Sana: 25-dekabr 2017 yil /// O'qildi: 532
Orqaga qaytish



Narsalar qanday bo‘lmog‘i lozimligini bilish aqlli odamga xosdir;

Narsalarning haqiqatda qandayligini bilish tajribali odamga xos;

Narsalarni yanada takomillashtirishni bilish buyuk odamga xos.

D. DIDRO