Азиз Абдуҳакимов: «Мактабдаги таълим тизимини ривожлантиришда энг яхши жаҳон тажрибасига тенглашамиз»
 

Ҳар бир вилоятда хусусий мактабларни очиш учун ҳокимликлар томонидан йилига камида 50 та ер участкаси ажратилади, мамлакатда тармоқ мактаблари очилади. Ўзбекистон Президенти мактаб таълими тизимини такомиллаштиришга қаратилган қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни имзолади. Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов мавзуга доир саволларга жавоб берди.

Азиз Абдуҳакимов

- Халқ таълими тизимида қандай янгиликлар?

Ўқувчиларнинг билим олиши, ўқитувчиларнинг эса самарали фаолият юритиши учун уларга қулай шарт-шароитлар яратишимиз керак, бунда ҳамма ўз вазифасини бажариши керак. Президент Шавкат Мирзиёевнинг «Халқ таълими тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва «Халқ таълими тизимига янги бошқарув тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони доирасида ана шундай шарт-шароитлар яратилади. 

Бизда айрим мактаблар ўқувчилар сони кўплигидан тўлиб тошган, бошқаларида эса одам кам. Бу ҳолатда ўқувчиси кўп бўлган синфда дарс ўтиш ўқитувчига қийинчилик туғдиради, албатта, мактаб маъмурияти эса таълим ва тарбия жараёнининг сифатига етарлича эътибор қарата олмайди. Бу вазиятни албатта тузатамиз.

Ўқувчиси кўп бўлган таълим муассасаларининг ўрнига асосан хусусий тадбиркорлар иштирокида ва давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги асосида янги мактаблар қурамиз. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят ҳокими ва Тошкент шаҳри «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончаси ўқув муассасаларига ер участкалари ажратиш бўйича ҳар томонлама ёрдам бериш учун шахсан масъулдирлар.

Шундай қилиб, ҳар йили ҳар бир вилоятда камида 50 та мактаб барпо этилади. Бундан ташқари, хусусий мактаб фаолиятини йўлга қўйиш ниятида бўлган тадбиркорларга Президент томонидан «Халқ таълими тизимида янги бошқарув тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўрсатилган имтиёзлар тақдим этилади.

Биз нодавлат таълим муассасаларига нисбатан мутлақо бошқача муносабатдамиз. Уларни энг долзарб муаммоларни ҳал қилишдаги асосий ҳамкор деб биламиз. Бугунга келиб Ўзбекистон Республикаси нодавлат таълим муассасалари ассоциацияси билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Нодавлат таълим муассасалари ассоциациясига профессор-ўқитувчиларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун рақобат муҳитини яратиш, шунингдек, бундай таълим муассасаларининг педагогик кадрлари учун қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини ташкил этиш ҳуқуқи берилди.

Хусусий мактабни битирган ўқувчиларга давлат аттестатлари берилади.

Шу билан бирга, биз тадбиркорларнинг ёрдамини кутиб қоламиз. Халқ таълими вазири муваффақиятли фаолият олиб бораётган таълим муассасалари таркибига коэффиценти паст бўлган бошқа мактабларни қўшиш асосида тармоқ мактабларини ташкил этиш ҳуқуқига эга бўлди. Шундай қилиб, нисбатан заиф томон кучли томонга қўшилади.

Мактабларда таълим сифатини ошириш учун янада фаол иш олиб бориш учун пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида мактабларни молиялаштиришнинг янги ваучер тартиби амалиётга татбиқ этилмоқда. Ўқув муассасаси ўқувчилар сони асосида молиялаштирилади. Бу мактаблар орасидаги рақобатни кучайтиради ва кучлилари сақланиб қолади.

Бошқа бир янгилик - мактабларнинг рейтингини яратиш. 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси мунтазам равишда туман ва шаҳар миқёсида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги даражасини (кейинги ўринларда - рейтинг) ташкил этади. Рейтинг натижалари оммавий ахборот воситаларида ва назорат веб-сайтида жойлаштирилади. Рейтинг мактабларни таълим сифати устидан ишлашга рағбатлантиради.

Мактаб таълимини ривожлантиришда энг яхши жаҳон тажрибасига тенглашамиз. Бу халқаро дастурларда иштирок этиш ва ўқувчиларнинг билимлари даражасини (ПИСА, ТИМСС, ПИРЛС ва бошқалар) баҳолашга ёрдам беради.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими халқ таълими муассасаларига ўзларининг инфратузилмасини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳар томонлама ёрдам бериш учун шахсан масъул бўлади. Барча мактаб синфлари ёруғ, иссиқ ва қулай бўлиши керак.

– Янги «Замонавий мактаб» Давлат дастурини қабул қилиш режалаштирилмоқда, шу ҳақда батафсилроқ маълумот берсангиз.

– Ҳа, яқин келажакда шундай дастур – мактаб таълимини ривожлантиришнинг тизимли муаммоларини ҳал этишга қаратилган тадбирлар мажмуаси яратилади. Унга кўра, замонавий мактабларни қуришга катта эътибор қаратилади. Мактаблар экологик тоза материаллардан фойдаланган ҳолда стандарт лойиҳалар асосида қурилади, муқобил энергия манбаларидан фойдаланиш учун ҳам шарт-шароитлар яратилади.

Фото: «СИРИУС» НТМ

Мактаблар эргономик мебеллар, замонавий ўқув ва лаборатория ускуналари, дарсликлар ва ўқув материаллари, компьютер ва мультимедия ускуналари, видеокузатув тизимлари билан жиҳозланади.

Технологик синфлар, лабораториялар, ошхоналар, спорт ва дам олиш масканларини барпо этиш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Мактабларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ўқувчиларнинг индивидуал ижодий қобилиятларини ривожлантириш учун шароит яратиш нуқтаи назаридан уларни кучайтириш режалаштирилган.

– Замонавий ўқув жараёнини интернетсиз тасаввур этиб бўлмайди. IТ-технологиялар дарсликлар ўрнини эгаллайдими?

– Дарсликлар ҳозирча ўзгартирилмайди. Яқин кунларда давлат умумтаълим муассасалари учун ўқув ва ўқув-услубий адабиётларини нашр этиш, шу жумладан, қайта нашр қилиш муддатини узайтириш, икки йиллик синов тизимини жорий этиш ҳамда дарсликларни танлов асосида саралаш тартибини бекор қилиш тизими такомиллаштирилади.

Шу билан бирга, биз мактабларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш жараёнини тезлаштирамиз. 2021 йилнинг охиригача барча мактаблар Интернетга камида 10 Мб / с тезликда кириш имкониятига эга бўлади.

Ўқув Мултимедиа дастурларини ривожлантириш маркази негизида "Халқ таълими соҳасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази” ташкил этилди. У ўқув жараёнида ўқувчиларнинг таълим, психологик ва жисмоний фаолиятини оптималлаштиришни ҳисобга олган ҳолда таълимнинг инновацион шаклларини, замонавий педагогик ва ахборот технологияларини, касбга йўналтиришнинг самарали усуллари, таълим ва тарбия усулларини жорий этишни тезлаштиради. Интернетда интерфаол таълим хизматлари кўрсатиш учун таълим портали ишга туширилади. Порталда умумтаълим муассасаларининг электрон маълумотлар базаси, ўқувчиларнинг давомати ҳамда ютуқ ва камчиликлари акс этувчи электрон тизим жорий қилинади.

Фото: ЎзА

Марказ қуйидагилар билан шуғулланади:

⦁ умумтаълим муассасалари ўқувчиларининг идентификацион картасини (ID-карта, NFS ёрлиғи ва б.) татбиқ қилиш, уларнинг банк ва бошқа тизимлар билан интеграциялашуви имконини яратиш;

⦁ умумтаълим мактаб ўқувчиларига жисмоний шахс персонал индентификацион рақамини бириктиришга доир чоралар қабул қилиш ва ҳ.к.

– Ўқитувчининг нуфузи ва ижтимоий мавқеини оширишга доир дастур қачон қабул қилинади ҳамда у нималарни назарда тутади?

– Бундай дастурни қабул қилиш 2018 йилнинг ноябрига режалаштирилган. Мазкур дастур жамиятда ўқитувчиларнинг нуфузини ошириш масаласини кенг тарғиб қилиш, уларнинг ютуқларини оммалаштириш, таълимдаги долзарб муаммоларни ёритиш, махсус ўқув дастурларини эфирга узатиш бўйича тизимли ишларни ташкил қилишга оид қатор тадбирларни ўз ичига олади. Ушбу вазифаларни бажаришда таълим тизимининг асосий ахборот ҳамкори «Маданият ва маърифат» телеканали бўлади. Маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, вазирлик ва идоралар, шунингдек таълим муассасалари раҳбарлари телевидениеда мунтазам равишда чиқишлар қилишади. Телевидение ва бошқа оммавий ахборот воситалари ёрдамида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини очиб берувчи кенг тушунтириш ишларини олиб бориш режалаштирилмоқда.

– Кадрлар малакасини ошириш, мактабларда малакали кадрлар билан ишлашга муносабатни ўзгартириш бўйича қандай ишлар амалга оширилди?

– Ўқувчилар дарсларни қолдирмасликлари учун машғулот қизиқ бўлиши керак. Бу нафақат ўқитувчиларга, балки мактабда яратилган шароитларга ҳам боғлиқ. Бунинг учун мактаб бошлиғи - менежер бўлиши лозим. У мактабда етишмаётган нарсаларни кўра билиши ва бу муаммоларни бартараф этиш учун ташкилий муаммоларни ҳал қилиши керак. Мактабда қўшимча машғулотлар ўтказилиши, атроф-муҳит ва спорт бўлимлари ишлаши, маданий-кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши таъминланиши лозим. Бундан буён раҳбарлар шуларга асосланиб танланади.

Умумтаълим муассасалари раҳбарларига қўйиладиган талаблар кўриб чиқилади. Барча раҳбарлар сертификатциядан ўтади ва турли малака ошириш курсларида малака оширишади.

А. Авлоний номидаги Халқ таълими тизимининг раҳбарлари ва мутахассисларини қайта тайёрлаш ҳамда малакасини ошириш институтида, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб умумтаълим мактаб раҳбарлари учун халқ таълими соҳасида менежерлик кўникмаларини ўрганиш курслари ташкил этилади.

Директорлар ўз лойиҳаларини амалга оширишга имконига эга бўлишлари учун мактабларнинг бюджетдан ташқари жамғармалари маблағларини эркин равишда тасарруф этиш ҳуқуқини қўлга киритишади. Шу билан бирга, директорлар мактабга қўшимча ресурсларни сафарбар қилиш бўйича ишларни такомиллаштириш учун жамғармаларнинг умумий миқдори 10 фоизи ҳажмида моддий рағбатлантирилади.

Бундан ташқари, умумтаълим муассасалари педагогик кадрларини аттестациядан ўтказиш тартибини қайта кўриб чиқамиз. Малакани белгилашнинг асосий мезонлари иш стажи эмас, балки тегишли фанни ўқитиш даражасидаги билим ва кўникмалари даражасига қараб белгиланади. Бошланғич таълим муассасалари раҳбарлари ва педагогик ходимлари учун малака ошириш тизими тубдан ислоҳ қилинади. Бу ўқув дастурлари ва дастурларни оптималлаштириш, масофавий таълимни ўз ичига олган инновацион таълим усулларини кенгайтириш, умуман, ушбу жараённинг самарадорлигини ошириш имконини беради.

Профессионал ўқитувчилар мактабларни тарк этишларига йўл қўймаслигимиз керак. Шу сабабли 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб нафақа ёшидаги ўқитувчилар пенсияларини тўлиқ олишларига доир қарор қабул қилинди. Халқ таълими вазирлиги ҳузурида "Халқ таълими тизимидаги ислоҳотларга кўмаклашиш фонди" ташкил этилди. Ушбу жамғарма маблағларининг бир қисми ёшлар учун истиқболли ва малакали мутахассисларни жалб этишга қаратилади.

– Интервьюларингизнинг бирида мактаб таълимининг сифатини ошириш учун Халқ таълими вазирлиги фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги ҳақида сўзлагандингиз.

– Албатта, Ўзбекистон Президентининг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларида ушбу масалани ҳал этишга катта эътибор қаратилган. Молия вазирлигидан Халқ таълими вазирлигига таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ўқув қўлланмаларини нашр этиш учун маблағлар ажратилди. ХТВ ҳузурида ташкил этилган инжиниринг компанияси лойиҳа ҳужжатлари учун техник шарт-шароитларни ишлаб чиқиш ва халқ таълими соҳасида қурилиш лойиҳаларининг сифатини назорат қилишни давом эттиради.

Эндиликда туман ва вилоят Халқ таълими бўлимлари раҳбарлари ҳокимият органлари билан келишмасдан, ХТВ қарори билан тайинланади. 

Ҳозирги кунда таълим сифатига таъсир кўрсатадиган барча дастаклар Халқ таълими вазирлиги тизимида тўпланган. 

– Режаларни муваффақиятли амалга ошириш учун давлат таълим тизимининг ривожланишини мониторинг қилиш тизими ислоҳ қилинмоқда. Ушбу йўналишда қандай ўзгаришлар юз беради? 

– Аввалги тизим самарасиз бўлиб, мактабларнинг нормал ишлашига, ўқитувчилар ва бошқарувнинг бевосита ўз вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилди, шунинг учун Президент қарори билан умумтаълим муассасалари фаолиятининг текширувини ваколатли органларнинг тўлиқ рўйхати, текширишларни тайинлаш ва ўтказиш мезонлари орқали аниқланади. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қонун ҳужжатларига мувофиқ, жиноятчиларга нисбатан қатъий жавобгарлик чораларини қўллаш орқали умумтаълим муассасалари фаолиятини ноқонуний текширишларнинг олдини олишни назорат қилади. Бундан ташқари, барча даражадаги назорат органлари ижро этувчи ҳокимият билан биргаликда умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш вақтида аниқланган кейинги ҳуқуқбузарликни бартараф этиш ва олдини олишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатади.

Фото: ЎзА

Ҳар бир мактабда муассасанинг фаолиятига катта ҳисса қўша оладиган энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқаларни киритиш билан кузатув кенгашлари тузилади. Кенгашларга катта ҳуқуқлар берилади. Хусусан, улар мактаб директорларини ўз позицияларидан сайлайди ва лавозимидан озод қилади, мактабни ривожлантириш учун устувор йўналишларни белгилайди, йиллик молиявий режаларни тасдиқлайди, пуллик хизматлар тарифларини ва ижара ҳақини тасдиқлайди. 

Халқ таълими вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Вазир назорат-ҳуқуқий хизмати яратилди. У давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг халқ таълими муассасалари фаолиятига асоссиз аралашуви, педагогик кадрлар шаъни ва қадр-қимматининг камситилиши, уларни меҳнатга мажбурлаш, ўқув-тарбия жараёнига тўсқинлик қилишнинг ҳар қандай кўриниши, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўймаслик бўйича қонунда кўзда тутилган чораларнинг қабул қилиниши учун масъул бўлади. Шунингдек халқ таълими тизими муассасаларида ички назоратни юритиш, коррупцион қоидабузарликлар ва қонунга зид бошқа қилмишлар, шунингдек вазирлик тизимидаги профессионал ходимлар томонидан этика қоидаларининг бузилиши профилактикаси ҳам назорат-ҳуқуқий хизмат зиммасига юклатилган. 

Қолаверса, тез орада call-марказ ишга туширилади. Телефон орқали қўнғироқ қилиб, қоидабузарликлар ҳақида хабар бериш ва тезкор ҳаракатларни талаб қилиш мумкин бўлади. 

 

manba:kun.uz

Sana: 19-oktyabr 2018 yil /// O'qildi: 85
Orqaga qaytish



Adashgan aqldan ozar