Иқтидорли мактаб битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси "Умумий ўрта таълим муассасалари ва академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартиби тўғрисида низом”ни тасдиқлади.

Низом умумий ўрта таълим муассасалари, шу жумладан, ихтисослаштирилган мактаблар, ихтисослаштирилган санъат ва маданият мактаб-интернатлар, спорт йўналишидаги ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар ҳамда академик лицейларнинг иқтидорли битирувчиларини (кейинги ўринларда битирувчилар деб аталади) олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

Олтин медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, чорак ва йиллик баҳолари аъло бўлган ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича якуний назоратлар, ярим йиллик ва йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Кумуш медаль умумий ўрта таълим муассасаларининг 9-синфини битирганлик тўғрисидаги аъло даражали шаҳодатномаси мавжуд бўлган, умумий ўрта таълим муассасаларининг 10- ва 11-синфларида ёки академик лицейларнинг барча курсларида барча фанлар бўйича йиллик баҳолари аъло бўлган, намунали хулқ-атворли ва жамоат ишларида фаоллик кўрсатган битирувчиларга берилади.

Намунали хулқ-атворига эга ҳамда жамоат ишларида фаол битирувчилар рўйхати таълим муассасасининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари ва амалиётчи психологи томонидан тегишли ўқув йилининг якунида таълим муассасасининг Педагогик кенгашига киритилади.

Битирувчиларнинг намунали хулқ-атвори уларнинг мактабнинг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларига доим риоя этиши, мактаб формасига риоя этиши, катталарга ҳурматда, кичикларга иззатда бўлиши билан асосланади.

Битирувчиларнинг жамоатчилик ишларида фаол иштирок этиши уларнинг таълим муассасаси манфаати, унинг шаъни ва нуфузи тўғрисида қайғурганлиги, таълим муассасаси ривожи учун жонкуярлик қилганлиги, турли йўналишдаги ташкилий тадбир ва кўрик-танловларда фаол иштирок этиши билан асосланади.

Таълим муассасаси директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари ҳар йили 10 июнга қадар:

  • битирувчиларнинг баҳоларини, ўқув-тарбия жараёни билан боғлиқ ҳужжатларни (синф журнали, баҳолар табели) ўрганади;
  • олтин ва кумуш медаллар билан тақдирлашга муносиб бўлган битирувчилар рўйхатини шакллантиради;
  • олтин ва кумуш медаллар билан тақдирланадиган битирувчилар рўйхатини таълим муассасасининг Педагогик кенгашига тақдим этади.

Педагогик кенгаш ушбу Низомнинг 3- ва 4-бандларида белгиланган талаблар асосида ҳар йили 14 июнга қадар битирувчиларни олтин ёки кумуш медаллар билан тақдирлаш тўғрисида қарор қабул қилади.

Битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи вакиллари, битирувчиларнинг ота-оналари ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ва бошқа жамоат ташкилотлари вакиллари иштирокида таълим муассасаси директори томонидан ҳар йили 15 июнга қадар тантанали равишда топширилади.

Низом олтин ва кумуш медалларни тайёрлаш ва муассасаларга етказиб бериш тартибини белгилаб беради.

Манба: uzedu.uz

Sana: 23-fevral 2019 yil /// O'qildi: 102
Orqaga qaytish



Bilimdan qudratliroq kuch yo‘q, bilim bilan qurollangan odam yengilmasdir

M. GORKIY