Шерматов: «Ҳали космосга учиш ҳақида гапирмай қўя қолайлик, аввал мактаблардаги тоза сув ва иситиш муаммосини ҳал этиб олайлик»

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида "Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузини ошириш билан боғлиқ муаммолар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди. "Республикадаги энг катта иш берувчи давлат ташкилоти Халқ таълими вазирлиги ҳисобланади, – деди вазир Шерзод Шерматов. – Мактабларни билимли ва малакали ўқитувчилар билан таъминлаш, педагог кадрлар етишмовчилигини бартараф этиш асосий вазифамиздир. Ҳозир тизимдаги ўқитувчиларнинг 62 минг нафари ўрта махсус маълумотли. Бироқ соҳадаги ислоҳотлар ва жамиятда ўқитувчи мақомининг кўтарилиши натижасида 37 минг нафар олий маълумотли ўқитувчи мактабларга қайтиб келди”.

Вазир ОАВ вакиллари саволларига жавоб берар экан, мамлакат ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларидаги аҳвол ҳамон ачинарли эканини таъкидлади.

"Ўзбекистондаги мактабларнинг тўртдан бирида сув йўқ, – деди Шерзод Шерматов. – Мингдан зиёд мактаб ҳамон "буржуйка” печ орқали иситилади. Чегара ҳудудларда жойлашган мактабларда хавфсизлик ноль даражада. Биз ҳали робототехника ёки космосга учиш ҳақида гапирмай қўя қолайлик, аввал мактаблардаги тоза сув ва иситиш муаммосини ҳал этиб олайлик”.

Таълим муассасаларидаги мавжуд камчиликлар, ўқитиш тизимида йўл қўйилаётган нуқсонларнинг олдини олиш, ўқувчилардан асоссиз пул йиғишларни тўхтатиш мақсадида мактабларда Кузатув кенгашлари тузилаётгани маълум қилинди. Кенгаш таркиби асосан ота-оналардан иборат бўлиб, улар директор фаолиятини назорат қилади. Бу лойиҳага Англиядаги School Board тажрибаси илҳом бергани қайд этилди.

Манба: kun.uz

Sana: 29-mart 2019 yil /// O'qildi: 46
Orqaga qaytish



Odamlar mehnati bilan yaratilgan, fanda jamlangan bilim tobora o‘sib, teranlashib, beqiyos bo‘lib bormoqda va bizning bilish qobiliyatimiz, ijodiy quvvatimizning benihoya yuksalishi uchun tayanch xizmatini o‘tamoqda.

M. GORKIY