Педагогика олий ўқув юртлари ўрта-махсус маълумотли ўқитувчиларга етти йўналишда сиртқи бўлимларга ўқишга кириш имкониятини яратади

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2019 йилнинг 29 апрель куни таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси тасдиқланган бўлиб, босқичма-босқич олий маълумотли мутахассис ўқитувчилар сонини 100%га етказиш режалаштирилган.

Ҳозирда халқ таълими тизимида ўрта-махсус маълумотли педагоглар сони ўқитувчилар умумий сонининг 14% ини ёки 63043 нафар мутахассисни ташкил этади.

Мазкур ўқитувчиларга олий маълумотли бўлишлари учун қатор имониятлар яратилган. Жумладан, республикамизда фаолият юритаётган олий ўқув юртлари 7 та йўналиш бўйича махсус сиртқи бўлимларига мутахассисларни қабул қилади. Булар – бошланғич, мактабгача таълим, жисмоний тарбия, меҳнат, тасвирий санъат, мусиқа, педагогика ва психология.

Эслатиб ўтамиз, педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг сиртқи бўлимларига 3 йиллик педагогик иш стажига эга бўлган, ўрта махсус маълумотли абитуриентлар тест натижаларига кўра қабул қилинади.

Ўрта-махсус маълумотли ўқитувчилар таълим тизимида фаолият юритишни истасалар, ҳозирдан олий ўқув юртларига ўқишга кириб, олий маълумотли бўлишга ҳаракат қилишлари керак.

Ўз навбатида, Халқ таълими вазирлиги бошқа давлат ташкилотлари билан биргаликда ўрта-махсус маълумотли ўқитувчиларнинг олий маълумотли бўлиши учун кенг имконият яратиб бериш устида иш олиб бормоқда.

Жумладан, 2019-2020 ўқув йили учун педагогика йўналишидаги олий таълим муассасаларининг сиртқи таълим йўналишлари учун қабул квоталарини ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда.

Чекка тоғли ва чўл ҳудудларида фаолият юритаётган ўқитувчиларга олий ўқув юртига ўқишга кириш учун имтиёзли қабул квоталарини белгилаш механизми жорий этиш режалаштирилган. Таъкидлаш лозимки, аксарият ўрта-махсус маълумотли мутахассислар шу ҳудудлардаги мактабларда дарс беришади.

Бу йилги янгиликлардан яна бири шуки, педагоглар ҳужжатларини учта олий ўқув юртига топширишлари мумкин. Бу эса уларнинг ўқишга кириш имкониятини янада оширади.

Ҳозирги кунда юртбошимиз Шавкат Мирзиёев жамиятда ўқитувчиларнинг мавқеини оширишга катта аҳамият бермоқда. Ўқитувчиларнинг ойликлари босқичма босқич оширилди.

Бу каби саъй-ҳаракатлар келажакда ҳам давом эттирилади.

Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясига кўра, ўқитувчининг ойлик иш ҳақини бошқа соҳалардаги ўртача ойлик иш ҳақига нисбатан 2025 йилда 1.4 коэффициентга, 2030 йилга келиб 1.5 коэффициентга етказиш режалаштирилган.

Ўқитувчиларнинг касбларига оид бўлмаган турли мажлис ва ишларга жалб қилиш тақиқланди. Амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади билимли ва етук ёшларни тайёрлашдир. Бу каби эзгу мақсадларга олий маълумотли, ўз касбининг моҳир усталарини тайёрлаш орқали эришилади.

Аҳамиятлиси, бугунги кун ўқитувчисига катта эътибор ва имконият берилаяпти. Шундай экан, педагоглар берилаётган имконият ва эътибордан унумли фойдаланган ҳолда ўз устида ишлаб, юрт равнақи учун ўз ҳиссаларини қўшишлари даркор.

Халқ таълими вазирлиги юртимиздаги барча ўрта-махсус маълумотли ўқитувчиларни педагогика олий ўқув юртларининг сиртқи бўлимларига ўқишга киришга чақиради.

Манба: uzedu.uz

 

Sana: 08-iyun 2019 yil /// O'qildi: 28
Orqaga qaytish



Bilganlarimizning cheki bor, bilolmagan narsalarimizning esa had-chegarasi yo‘q.

LAPLAS