Фан олимпиадасининг Республика босқичи якунланди. Унда Қорақалпоғистонлик ёшлар қандай натижа кўрсатди?

Жорий йилнинг 8 июнь куни Тошкент қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежида академик лицейлар, касб-ҳунар коллежи ва умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича Республика олимпиадасининг ИВ босқичи бошланган эди.11 июнь куни Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида ушбу республика фан олимпиадасининг ёпилиш маросими ва ғолибларни тақдирлашга бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирда Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров, Олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Муродилла Холмуҳамедов ҳамда ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирок этиб, олимпиада совриндорларини қутлаган ҳолда уларга келажакда улкан зафарлар тилади. Шунингдек, ғолибларга дипломлар ва олий таълим муассасаларига тест синовларсиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзини берувчи гувоҳномалар топширилди.

Олимпиадада 18 та умумтаълим фанларидан (махсус мактаб-интернати ўқувчилари учун она тили ва адабиёт ҳамда математика фанларидан) ўтказилди. Мазкур босқичда 1059 нафар (448 нафари академик лицей ва касб-ҳунар коллежи, 611 нафари мактаб ўқувчилари) ўқувчилар иштирок этди.

Олимпиадасининг республика босқичи якунига кўра, жами 18 та фандан 53 нафар ўқувчи ғолиб деб топилди ва шундан 20 нафари 1-ўринга, 18 нафари 2-ўринга ва 15 нафари 3-ўринга сазовор бўлди. Жамоалар ҳисобида эса Тошкент шаҳри 12 та совринли ўрин билан 1-ўринни, Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси 5 та ўрин билан 2-ўринни, Андижон, Наманган, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятлари 4 та ўрин билан 3-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди.

Нукус давлат педагогика институти академик лицейи ўқувчиси Ҳайдарова Муҳсина Салимжон қизи Ўзбек тили (таълим рус тилида) фани бўйича 87,25 балл билан 2-ўринни, Қораўзак тумани 1-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчиси Тилеwова Айзада Эсен қизи Қорақалпоқ тили ва адабиёти фани бўйича 85,5 балл билан 1-ўринни, Шуманай агроиқтисодиёт касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Ермаганбетова Гулпаршıн Маратовна 83,05 балл билан 2-ўринни ва Нукус давлат педагогика институти академик лицейи ўқувчиси Садıкова Азадахан Султанбаевна эса 77 балл билан 3-ўринни эгаллашган.

Бундан ташқари Қозоқ тили ва адабиёти фани бўйича Қўнғирот тумани 21- умумий ўрта та`лим мактаби ўқувчиси Оринбаева Балнура Қоблан қизи 92,75 1-ўринни олишга муваффақ бўлган.

Таъкидлаш жоизки, Олимпиадада фанлардан 1-, 2- ва 3- ўринларни эгаллаган ўқувчилар Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 13 октябрдаги "Ўзбекистон иқтидорли ёшларини тақдирлаш ва моддий рағбатлантириш тўғрисида”ги 226-сонли қарорига биноан олий таълим муассасаларига тест синовларисиз ҳамда қўшимча имтиҳонларсиз кириш имтиёзига эга бўлдилар.

Манба: kruz.uz

 

Sana: 12-iyun 2019 yil /// O'qildi: 156
Orqaga qaytish



Aqlli, bilimli odamlar kerak. Insoniyat porloq hayotga yaqinlasha borgan sayin, bunday odamlar aksariyatni tashkil etmaguniga qadar, ularning soni ko‘payib boraveradi.

A. P. CHEXOV