“Амир Темур авлодлари” жамоаси ғолиб
    Нукусда умумтаълим мактаблари ўртасида "Аждодлар мероси – келажак пойдевори” кўрик-танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи якунланди.
    Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон Республикаси бўлими, Халқ таълими ҳамда Маданият ва спорт ишлари вазирликлари, "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши ҳамкорлигида ташкил этилган танловда 5 жамоа ўзаро баҳслашди.
    Танлов шартлари бўйича энг юқори кўрсаткичга эришган Нукус шаҳридаги 31-умумтаълим мактабининг "Амур Темур авлодлари” жамоаси бош совринни қўлга киритди. Биринчи ўрин Хўжайли туманидаги 71-, иккинчи ва учинчи ўринлар Беруний туманидаги 30- ҳамда Чимбой туманидаги 37-умумтаълим мактаблари жамоаларига насиб этди.
      Ёшларнинг миллий маданиятимиз, тарихимиз, маънавиятимиз ҳақидаги билимини бойитишга кўмаклашувчи бу тадбирнинг шаҳар ва туман босқичларида 3 минг 300 дан зиёд ўқувчи иштирок этди. Улар ўзлари яшаб турган ҳудуднинг тарихи, урф-одатлари ҳақидаги билимини намоён этиш билан бирга, таҳсил олаётган ўқув даргоҳида яратилган кенг шароитлар тўғрисида маълумотлар берди. "Тарих жонланганда” деб номланган шартга кўра, муҳим тарихий воқеалар ҳақида саҳна кўринишларини намойиш этди.
       Ғолиб жамоалар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
 
manba: uza.uz 
 

Sana: 18-aprel 2014 yil /// O'qildi: 1183
Orqaga qaytish



Adashgan aqldan ozar