Маърифат ва жаҳолат чорраҳаси

ЎзА, Умид Ёқубов, 21.05.2013 18:23


Президентимиз Ислом Каримов Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгашининг жорий йил 1 апрелда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида айрим минтақаларда юз бераётган турли нотинчлик ва қарама-қаршиликларнинг сабаб-оқибатларига тўхталиб, интернет тармоғини қандайдир темир девор билан тўсиш эмас, балки ёшларнинг қалбига қулоқ солиш, эзгу интилишларига кенг йўл очиб бериш – давр талаби эканини таъкидлади.

Ҳа, камолотга чорлайдиган эзгу таълимотлар билан ёвуз ғоялар ўртасидаги азалий кураш бугун ҳар қачонгидан-да кескинлашиб, ҳар бир инсон, айниқса, ёшларнинг онгу қалбида чуқур акс-садо бермоқда. Бу инсоният тасаввури ва тафаккурининг юксак маҳсулидан эзгулик ё ёвузлик йўлида фойдаланиш мумкинлигини яна бир карра исботламоқда. Танлов ҳар бир инсоннинг ўзида қолаётганини бот-бот эслатмоқда.

Интернет билгич чўпон

Мамлакатимизда Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида ахборот технологиялари барча соҳага изчил татбиқ қилинмоқда. Халқимиз эришаётган ютуқлар интернет воситасида ҳам кенг намойиш этилмоқда.

2012 йилнинг ўзида мингга яқин умумтаълим мактаби замонавий компьютер хоналари билан таъминланди. "Электрон таълим” лойиҳаси доирасида олий ўқув юртларининг кутубхона фондлари электрон шаклга ўтказилмоқда. Қишлоқ ёшларининг интернетдан фойдаланиш кўникмаларини эгаллаш бўйича махсус ўқув дастури асосида 30 мингга яқин йигит-қиз ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ўз билимини оширди. Видеотелефонлар, интернет-телевидение, юқори тезликдаги интернет хизматлари кўрсатиш имконини берадиган икки минг километр узунликдаги кенг полосали оптик толали алоқа тармоғи қурилиши якунига етказилмоқда.

Ўзбекистон Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакатимизда интернетдан фойдаланувчиларнинг сафи 9,8 миллиондан ошган. Бу кўрсаткич 2010 йилда 2,8 миллион нафарни ташкил этарди. Бугун деярли ҳар учинчи юртдошимиз интернетга кираётир. Бу, бир томондан, халқимизнинг дунёга фаол интеграциялашаётганини англатса, иккинчи томондан, интернетдан фойдаланиш маданиятини юксалтириш янада долзарблик касб этаётганини кўрсатади.

Тоғам Али Абдуназаров Сурхондарёнинг Олтинсой туманидаги 39-ўрта умумтаълим мактабида информатикадан дарс беради. Бир пайтлар "Ҳали қишлоқда нима гаплигини интернетдан билиб оласан, жиян”, деганида ишонмагандим. Тоғам ҳақ бўлиб чиқди: бугун ижтимоий тармоқларда ҳамқишлоқларим қишлоғимиздаги янгиликлар, ўзгаришлар ҳақида ёзишади. Суратлар жойлаштиришади.

– Яқинда дарсга келаётиб, собиқ ўқувчиларимдан бирини кўриб қолдим, – дейди тоғам. – Пода ҳайдаб кетаётир, қўлидаги телефондан кўз узмайди. "Ҳа, ҳорма”, десам, "узр, устоз, интернетга берилиб кетиб, келганингизни сезмай қолибман”, дейди. Pogoda.uzдан об-ҳавони қараётган экан. Мана, жиян, энди чўпонлар булутга термулиб ўтирмайди. Буни тараққиёт дейдилар...

Глобаллашувми ё оломонлашув?!.

Президентимиз Ислом Каримов "Юксак маънавият – енгилмас куч” китобида таъкидлаганидек, "инсон маънавиятига қарши йўналтирилган, бир қарашда арзимас бўлиб туюладиган кичкина хабар ҳам ахборот оламидаги глобаллашув шиддатидан куч олиб, кўзга кўринмайдиган, лекин зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиён етказиши мумкин”.

Дарҳақиқат, интернет – бозор: турли мақсад ва маслакда, турфа шаклларда тарқатилаётган ахборот оқими орасидан зарур ва фойдалисини топиш – олтин излаб қум элашдай гап. Оdnoklassniki, Facebook, Twitter, YouTube, WhatsApp каби ижтимоий тармоқларда ёшларнинг бирор масала – китоблар, суратлар, фильмлар, қўшиқлар ҳақида баҳслашаётганига кўп гувоҳ бўласиз. Фикр алмашилаётгани дидни чархлайди, тафаккурга қувват беради. Лекин баъзи ижтимоий хавфли ахборотнинг акс таъсири унинг ўзидан ҳам хавфлироқ манзараларни ҳосил қилиши мумкин.

Яқинда кореялик хонанда PSYнинг YouTubeга жойлаштирилган "Gentleman” клипини биринчи куниёқ 50 миллиондан зиёд киши кўриб улгурган. Кўплаб давлатларда ёшлар бу хиргойига оммавий рақсга тушмоқда. Оммабоплиги туфайли ундан турли тижорий ва ижтимоий мақсадларда ҳам фойдаланилаётир. Жанубий Кореяда эса мазкур клип ёшларнинг ахлоқи ва билим олишига салбий таъсир кўрсатаётгани боис танқид ва чекловга учради.

Бу – бугун онгдаги бўшлиқнинг ўрнини "оммавий маданият” эгаллаб олаётганига мисол. Чунки шу каби хиргойиларга берилиб рақсга тушаётганлар орасида "бунинг менга қандай фойдаси бор?”, деган саволни ўзига берадиган кам.

Бошқарув кимнинг қўлида?!.

Президентимиз таъкидлаганидек, болаларимиз онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди.

Чунки одамзот тақиқ пардаси ортида нима борлигига барибир интилади. Қолаверса, интернетга тўсиқ қўйиш бефойда: сайтларга киришнинг айланма йўли – бепул прокси-сервер ва аноним сайтлар интернетда керагидан ҳам кўп. Демакки, барчаси яна тўғри тарбияга келиб тақалмоқда.

Маълумотларга кўра, биргина оdnoklassniki.ru ижтимоий тармоғи кунлик аудиториясининг 20 фоизини айнан Ўзбекистондан кирувчилар ташкил этади, 80 фоиз киши мобиль версиядан фойдаланади. Уларнинг катта қисми ёшлардан иборатлигини инобатга олсак, Президентимизнинг ёшлар қалбига қулоқ солиш ҳақидаги гаплари нечоғли долзарб аҳамиятга эга эканини англаймиз.

Мамлакатимиздаги барқарорликка зиён етказиш ва ёшларни ичдан бузишга уринадиган кучлар бугун ижтимоий тармоқларда жуда фаол. Улар, одатда, турли машҳур санъаткорлар номидан профиллар очиб, ҳали оқ-қорани англамаган ёшларни бўҳтону туҳматдан иборат турли ахборот гирдобида қолдиришга уринмоқда.

– Яқинда facebook тармоғида ўзим ҳурмат қиладиган бир хонанда билан дўстлашдим, кўп ўтмай у мени бир виртуал гуруҳга аъзо бўлишга таклиф қилди, – дейди тошкентлик Аброр Жабборов. – Кириб кўрсам, мамлакатимиз ҳақидаги ғийбатнамо гаплар экан. Аъзолар мингдан зиёд, виртуал гуруҳга етакловчилар эса атиги тўрт-беш киши. Бу гуруҳдан ўша тўрт-беш киши манфаатдор экани ва уларнинг бирортаси ўз исми билан профиль очмаганини англаб, ўша "санъаткор”ни дўстларим сафидан ўчириб ташладим. Бу ҳақда бошқа виртуал дўстларимни ҳам огоҳлантирдим. Кейин билсам, ижтимоий тармоқларда ўша артист номидан саккизта профиль очилган экан.

Бу жараёнда эркинлик ниқоби остида худкушлик, бир жинсли никоҳ, никоҳсиз яшаш каби "замонавий" тушунчаларни илдиз оттиришга уринишлар ҳам кам эмас. Қўшни давлатлардан бирида икки "аёл”нинг илк марта турмуш қурганига оид фотосуратлар қизғин баҳсларга сабаб бўлди. Улар на шаръий ва на расмий никоҳдан ўтган. Лекин тўй қилган, шаҳар айланган эмиш. Суратларни кўриб, беш-ўн ақлсиз ёш-ялангнинг бебошлигига гувоҳ бўласиз, холос. Бу ижтимоий тармоқларда қаттиқ танқид қилинди. Лекин осиёча ном остида "балли, қизлар”, "демократия муборак” каби изоҳ қолдирганлар ҳам бўлди.

Ижтимоий тармоққа кираркансиз, экранда "истаган нарсангни ёз”, деган ёзув тез-тез пайдо бўлади. Кимлардир эҳтиросга берилиб, миясига келганини ёзади ҳам. Кимдир ёзишдан олдин ўйлайди. Яъни, интернетни бошқармасангиз, у сизни бошқаради.

Ҳикмат излаганга...

...Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 3-академик лицейнинг бир гуруҳ ўқувчилари билан суҳбатимиз интернетнинг ёшлар ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти ҳақида бўлди.

Ўқувчилар – 16-18 ёшли йигит-қизлар. Барчасининг уйида компьютер бор. Камида икки-уч хорижий тилни билади. Ўқишдан ташқари, спорт, санъат ё ҳунармандчиликнинг бирор тури билан шуғулланади. Кўпчилиги интернетга тез-тез кириб туради.

Уларнинг айтишича, интернетдан қандай мақсадда фойдаланаётганидан барчасининг ота-онаси ё ака-опаси хабардор. Уларга ишонади, лозим бўлганда, қатъий назорат ҳам қилади.

– Интернетда билимимни оширадиган маълумот олсам, вақт сарфлайман, аммо бефойда маълумотлар ҳам кўп, – дейди Зиёвуддин Фатҳиддинов. – Масалан, айрим сайтларга кирмоқчи бўлсангиз, "олдин қилич билан шу одамни ўлдир”, деган расмли ёзув чиқади. Бу одамни қотилликка ўргатиши мумкин. Ёки электрон почтага "сен фалончи миллиардернинг неварасисан, бобонг вафот этди, келиб меросни ол”, деган мантиқсиз хабарлар ҳам келиб туради. Бу – вирус: компьютерга ҳам, онгингизга ҳам зарар етказади. Айрим ўртоқларим шундай "хушхабарлар”га лаққа ишониб, ота-онаси билан жанжаллашиб қолганига ҳам гувоҳман. Буларнинг барчаси фикрсизликдан, мақсадсизликдан келиб чиқади.

Жасур Ҳабибуллаевнинг айтишича, интернетдан профессионал даражада фойдаланишни ёшликдан ўрганиш керак. Шунда аниқ мақсад-муддао билан компьютер олдига ўтириш мумкин.

– Интернетга эрмак деб қаралса, вақтни, ақл-ҳушни ўғирлайди, – дейди у. – Оддий хабарни таҳлил қилиш учун ҳам одамда ҳаётий позиция бўлиши лозим.

Азизбек Пардаевнинг айтишича, отаси унга фойдали деб ҳисоблаган саксонта сайт рўйхатини тузиб берган. Унинг қирқ фоиздан зиёди таълим порталларидир. Отаси билан фанлар ва психологияга оид он-лайн тестлар ечар экан.

– Интернетдан ҳикмат изласангиз – ҳикмат, иллат қидирсангиз – иллат топасиз, – дейди Азиза Эргашева. – У қочадиган бало-қазо эмас, ўзини англаган одам учун битмас-туганмас билим манбаидир. Масалан, бугун беш ёшли болалар он-лайн шахмат ўйнамоқда, кимдир қирқ ёшида ҳам экрандан эрмак қидириб ўтирибди. Шундай экан, интернетдан қандай фойдаланиш оилавий муҳитга, тарбияга боғлиқ...

Ёшлар билан анча суҳбатлашдик. Уларнинг ўз нуқтаи назарига эгалиги, фикрини асослаб бериши эртанги кунга мустаҳкам ишонч бағишлайди. Муҳими, улар баркамолликка интилишни умр мазмуни, деб билади. Бу мамлакатимиздаги тинч, тотув ва файзли ҳаёт туфайлидир. Зотан, бугунидан рози ва эртанги кундан умиди бор халқнинг фарзандлари эзгулик ва маърифатга интилиб яшайди.

...Халқимиз ҳамиша фарзандлари ўзидан ўзиши, ҳар томонлама соғлом бўлиб ҳаётга кириб бориши учун курашиб яшаган. Бугун ҳам шундай. Глобаллашув хавф-хатарларига қарши тура оладиган, ўз маънавий куч-қудратини исботлашга қодир авлод тасодифан, ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Бунга йиллар давомида мунтазам ва узлуксиз олиб бориладиган маънавий тарбия билангина эришиш мумкин.

Одам ёвузликни енга олиши учун ўзида эзгулик уруғини кўкартириши лозим. Зотан, Президентимиз таъкидлаганидек, "бугунги шиддатли даврда чинакам маънавиятли ва маърифатли одамгина инсон қадрини билиши, ўз миллий қадриятларини, миллий ўзлигини англаши, эркин ва озод жамиятда яшаш, мустақил давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятида ўзига муносиб ўрин эгаллаши учун фидойилик билан кураша олиши мумкин”.

Ma'lumot yangilangan sana: 23-may 2013 yil


Ruhiyat ham tana singari muttasil ozuqlanishsiz yashay olmaslik qonuni izmidadir.

L. VOVENARG