×

Ижтимоий тармоқлар орқали Қорақалпоғистон Республикаси халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази катта ўқитувчиси Бибисара Арзымбетованинг мурожати юзасидан РАСМИЙ МУНОСАБАТ

2017 йил февраль ойигача малака ошириш институти ректори лавозимида фаолият кўрсатган Т.Атамуратов текширув натижасига кўра тегишли орган томонидан эмас ўз аризаси асосида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2017 йил 20 февралдаги 43-к-сонли буйруғи билан ишдан бўшатилган. Уша даврда текширув натижасида ўқув жараёни бўйинча  аниқланган камчилар барчаси бартараф қилинган.

Ҳар ойда ўқиш бошланганда 1 ҳафта ичида малака ошириш курслари тингловчиларига малака иши мавзулари банки ўзлари танлаб олиш учун тақдим қилинди. Ҳар бир тингловчи ўзлари танлаган мавзу бўйича малака ишини тайёрлади. Кафедра мудирлари томонидан малака ишини тайёрлашда илмий раҳбар тайинланди. Тингловчи томонида малака иши тайёрланилди ва илмий раҳбар томонидан тақриз берилди. Тақриз хулосасига кўра 14 балл ва ундан юқори бўлса ҳимояга қўйилди.

Марказда малака ошириш курсларининг малака иши ҳимоясини ўтказиш  Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2018 йил 29 декабрдаги  334-сонли буйруғининг 6-иловаси билан тасдиқланган «Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий марказлар малака ошириш курслари тингловчиларининг якуний аттестацияси тўғрисидаги низом»нинг 2-боб 4-5-6-хатбошилари асосида ҳар бир гуруҳ учун 1 нафар комиссия раҳбари ва 2 нафар профессор-ўқитувчидан иборат тузилган комиссия иштирокида ўтказилиб келинди. Комиссия таркибига ҳар ойда сайланма тарзда эмас Ҳудудий марказда фаолият кўрсатаётган барча  кафедра ва бўлим бошлиқлари, профессор-ўқитувчилар жалб қилиниб келинган.

Марказда тингловчиларнинг чиқиш тестлари Халқ таълими вазирлигининг махсус дастурида онлайн шаклда ўтказилиб келинди. Тест синовлари 4 та компьютер хонасида топширилди. Тест жараёнини назорат қилиш учун аудитория назоратчиси белгиланган ва барча компьютер хоналарига видеокузатув камералари ўрнатилган.

Тест жараёни онлайн болганлиги учун тинловчилар рўйхати дастурга олдиндан киритилади ва дастур томонидан автоматик тарзда тингловчиларнинг тест дасурига кириш учун логин ва пароль берилади.

2021 йилнинг февраль ойига қадар тингловчиларга икки маротаба имконият берилган ва биринчи топширганда ўтолмаган тингловчилар иккинчи имкониятта ўтган. Шу кунга қадар физика гуруҳида тест синовларидан ўтмаган тингловчилар бўлмади.

2021 йилнинг февраль ойидан А.Авлоний номидаги Халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институтининг 2021 йил 15 февралдаги 01/9-140-сонли хати асосида малака ошириш курслари тингловчиларининг малака ишини тайёрлаш ва ҳимояси бекор қилинди ва чиқиш тест синовларидаги тингловчиларга икки марта имконият бериш чекловлари олиб ташланиб, тингловчи чиқиш тестини тегишли балл тўплаганга қадар топшириш имконияти берилди.

Физика курси учун ўқув хонаси ўқув биносининг 3-қаватида жойлашган 304-хона, физика лаборатория хонаси учун 308-хоналар ажиратилган. 2020 йилда малака ошириш курсларининг дарс жараёни ЗООМ дастури орқали онлайн шаклда ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг 2021 йил 21 январдаги 02-02/3-176-сонли хати асосида 2021 йилда 2250 нафар аттестациядан ўтмаган ўқитувчилар навбатдан ташқари малака ошириш курсларига жалб қилинди. Шунинг ҳисобидан малака ошириш курслари ўқиши учун ўқув аудиториялари етишмаганлиги сабабли физика ўқув хонасида бошқа гуруҳ тингловчилари ўқитилиб, физика курси вақтинча лаборатория хонасида ўқитилиб келинмоқда.

Шу кунга қадар шикоятда кўрсатилган ҳолатлар бўйича Ҳудудий марказ раҳбарияти, ходимлари ва профессор-ўқитувчилар томонидан ҳеч бир қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмади ва малака ошириш курслари тингловчиларидан шикоятлар ва мурожаатлар бўлмади.

Пирниязов Искендер Ўқув ва илмий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатиб, ўз лавозим мажбуриятларини бажариб келмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Ахборот хизмати