Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми қарори асосида умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхона фондларини адабий китоблар билан таъминлаш мақсадида уларга маблағ ажратиш белгиланган эди.

Қарорга мувофиқ, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига қарашли умумий ўрта таълим мактаблари ҳамда шаҳар ва туманлардаги ахборот ресурс марказларининг кутубхона фонди учун 50 номдаги 58 331 дона қорақалпоқ тилидаги адабий китоблар харид қилинди.

Жорий йилнинг 9 июнь куни Нукус шаҳридан адабий китоблар юкланган китоб карвони ўз манзилларига қараб йўл олди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазири Р.Реимов сўзга чиқиб, юртимизда давлатимиз раҳбари томонидан ёш авлоднинг ҳар томонлама комил инсонлар бўлиб етишишини таъминлаш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Бу борада Президентимиз томонидан бир қатор қарор ва фармонларнинг қабул қилинганлиги, мамлакатимизда жорий қилинган 5 та муҳим ташаббуснинг бири – китобхонликни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилаётгани, китоб ярмаркалари, танловлар мунтазам ташкил этилаётгани катта аҳамият касб этмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиумининг “Умумий ўрта таълим мактабларининг кутубхона фондларини адабий китоблар билан таъминлаш мақсадида уларга маблағ ажратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг қабул қилиниши ҳам ана шундай эзгу мақсадга хизмат қилади.

Мазкур китоблар таълим муассасаларига етказилгандан сўнг, “Китоб тақдимоти”, “Адабиёт кунлари” каби тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган. Шу билан бирга келгусида ўқувчи ва ўқитувчиларни бадиий адабиёт мутолаасига бўлган қизиқишини янада ошириш билан бир қаторда, ўзаро ҳурмат туйғуларини шакллантиришга, илмли ва зукко ёшларни тарбиялашда хизмат қилади.