Мамлакатимизда “Беш ташаббус олимпиадаси” номи билан ёшлар, ўсмирлар орасида маданият, санъат, спорт, китобхонлик, IT каби 14 та йўналишларда ўтказилаётган мусобақалар, айтиш жоизки, барча ёшларни беэътибор қолдирмади. Мусобақаларнинг илк мавсумида мамлакат бўйича 6 миллиондан ортиқ иштирокчилар қатнашгани ва ўз иқтидорларини синовдан ўтказгани буни далиллаб турибди.

Шу йилнинг 10 сентябридан мамлакатимиз бўйлаб беш босқичли “Беш ташаббус олимпиадаси”нинг иккинчи мавсумига старт берилди ва унда илк босқичдаги барча мусобақалардан ташқари спортнинг кураш тури ҳам ўрин олган. Иккинчи мавсум ҳам маҳалла-сектор-туман-ҳудуд-республика боқичида ўтказилади.

10 сентябрь куни Амударё туманида ҳам иккинчи мавсум мусобақаларига старт берилди. Спорт мактабининг Чордара маҳалласидаги спорт залида шу муносабат билан тадбир ташкил этилди. Унда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими бошлиғи Сардор Исмоилов, бўлим беш ташаббус олимпиадасини мувофиқлаштириш бўйича мутахассиси Жавоҳир Ўрозбоев, спорт соҳаси масъуллари ва мураббийлар, маҳаллалар ёшлар етакчилари иштирок этдилар.

Сардор Исмоилов “Беш ташаббус олимпиадаси” иккинчи мавсуми доирасида стол тенниси мусобақаларининг бошланиши билан барчани қутлади ва беллашувга чиқаётган Янгиобод, Чордара, Дурунки, Бойовул маҳаллалари теннисчиларига омадлар тилади. Мазкур мусобақаларнинг илк мавсумида туманимиз ёшлари муваффақиятли иштирок этишганини эътироф этди ва жорий мавсумда бу ютуқлар яна ҳам кўпайишига умид билдирди.

Маълумот учун: ушбу мусобақанинг илк мавсумидаги учта – яъни маҳалла-сектор-туман босқичларида туманимизнинг 27 мингдан ортиқ интилувчан ва иқтидорли ёшлари иштирок этиб, шуларнинг 144 нафари Қорақалпоғистон Республикаси босқичида иқтидорларини синовдан ўтказишди ва 41 нафар ёшлар ғолиб  ва совриндор бўлишди.

Дўрман овулида истиқомат  қилувчи Ўринбоевлар оиласи “Ёш китобхон оила” йўналишида мутлоқ ғолибликни қўлга киритиб, Президент совғаси – “Spark” автомобили билан мукофотланган эди.

“Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг иккинчи мавсуми спортнинг стол тенниси тури билан бошланди. Чордара, Дурунки, Бойовул, Янгиобод маҳаллалари спортчилари ўртасидаги беллашувлар шиддатли ва қизғин кечди. Барча ёшлар ғолиблик учун астойдил интилдилар ва маҳалласи спорт шарафини юксалтиришга ҳаракат қилдилар.

Юртимизда ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида уларни китобхонлик, маданият ва санъат, интеллектуал ўйинлар, ахборот технологиялари ва спорт турларига кенг жалб этиш бўйича ўтказилаётган “Беш ташаббус олимпиадаси” мусобақаларининг иккинчи мавсумини уюшқоқлик билан намунали тарзда ўтказилиши учун барча чора-тадбирлар кўрилган.

Мусобақалар туманимизнинг иқтидорли ва салоҳиятли ёшлари, моҳир спортчилари аниқланишига хизмат қилади.

О.РАЖАБОВА.