Бугунги кунда мамлакатимизда рақамли тизимларни фаол ривожлантириш бўйича барча соҳаларда, энг аввало, давлат бошқаруви, иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимида ҳам рақамли таълимни ривожлантириш бўйича ишлар босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда. Рақамли таълим тизимларини жорий қилиш учун, биринчи навбатда, умумтаълим муассасаларида интернет инфратузилмаси яратилган бўлиши лозим. Бу борада, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги барча 721 та умумтаълим муассасалари Интернет тармоғига уланган бўлиб, шулардан 719 та мактаблар оптик толали алоқа линиялари орқали юқори тезликдаги, Education тарифидаги Интернет тармоғига уланган. Электр ва алоқа тармоқлари етиб бормаган, туман марказларидан анча олисда жойлашган, Қуёш панеллари ёрдамида электр токи таъминоти йўлга қўйилган 2 та мактабимиз эса, булар Тахтакўпир туманидаги 23-сонли ва Элликқалъа туманидаги 33-сонли мактаблар, Ернинг сунъий йўлдоши орқали Интернет тармоғига уланган. Мактабларимизни Интернет тармоғига улаш ишларида ва ушбу тармоқнинг доимий ишчи ҳолатини таъминлашда “Ўзбектелеком” АК Қорақалпоғистон Республикаси филиали билан тиғиз ҳамкорликда иш олиб борилди ва олиб борилмоқда. Интернет тармоғи мактабларимиздаги компьютер синфларидан ташқари, мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари хонасида(симли локал тармоқ орқали) ва ўқитувчилар хонасида(симли ҳамда Wi-Fi) ҳам яратилган. Эндиги навбатда мактаблардаги Wi-Fi зоналарни янада кенгайтириш, мактаб кутубхоналаридаям Интернет тармоғи яратиш бўйича ишлар амалга оширилиши режалаштирилган. Барча мактабларимизда “Электрон кундалик”, YaET-ERP автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва Smartland таьлим платформаси ҳамда kitob.uz, edukids, maktab.uz, educare.uzedu.uz, idea.uzedu.uz, VR-360 саёҳат ва artshop.uzedu.uz каби махсус интернет ресурслари жорий қилинган бўлиб, ҳозирги кунда фойдаланишга қабул қилинган. Шу кунларда, барча мактабларимизда, ушбу тизимлардан ва ахборот ресурсларидан ҳамда контентлардан фойдаланиш бўйича семинар-тренинглар ўтказилмоқда. Бундан ташқари, вазирлик марказий аппарати ва туман(шаҳар) халқ таълими бўлимларида ijro.gov.uz, e-huquqshunos ва e-xat электрон хужжат алмашинуви тизимлари жорий қилинган бўлиб, шулардан e-huquqshunos тизими барча умумтаълим муассасаларида ҳам жорий қилинди.

Мактабларимизни замонавий компьютерлар билан таъминлаш борасида ҳам бир қанча ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йилнинг апрель-май ойлари давомида Корея Республикасининг Эксимбанки грантлари асосида 74 та мактабларимизга, кейинчалик, Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 ноябрдаги 716-сон қарорида белгиланганидек, республика бюджети ҳисобидан 55 та мактабларимизга замонавий компьютер жамланмалари етказиб берилди. Шу кунларда, қайд этиб ўтилган 716-қарорда белгиланганидек, маҳаллий бюджет ҳисобидан, яна 86 та мактабларимизга замонавий компьютерлар харид қилиш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу замонавий компьютерлар жамланмалари мактаблардаги компьютер синфларига ўрнатилиб, локал тармоқ тузилган ҳолда юқори тезликдаги Интернет тармоғига улаб борилмоқда ва уларга керакли контентлар ўрнатиб борилмоқда. Эскирган компьютерларни янгисига алмаштириш бўйича режавий ишлар олиб борилмоқда.

Мактаблардаги компьютер синфларидан дарс пайтлари ва дарсдан ташқари вақтларда ҳам компьютерлардаги фойдали контентлардан ва бошқа интернет ресурслардан ўқитувчи ва ўқувчиларимиз кенг фойдаланган ҳолда ўз билимларини ошириб келишмоқда. Компьютер синфлари кун давомида очиқ ҳолатда қўйилмоқда.

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган “Бир миллион дастурчилар” лойиҳаси доирасида ҳамда “code.org” платформасида мактабларимизда ўқувчи ёшларимиз дастурлаш йўналишлари бўйича билим олишмоқда ва кўпчилиги битирувчилар сертификатлар соҳиби бўлишмоқда.